ЎзА Ўзбек

28.08.2020 Чоп этиш версияси

Янги электровозлар тақдим этилди

Янги электровозлар тақдим этилди

Тошкент-Марказий темир йўл вокзалида Россиянинг Новочеркасск шаҳридаги «Трансмашхолдинг» акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилган уч секцияли 3ЭС5К сериали учта янги Ermak электровозининг тақдимоти бўлиб ўтди.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти раҳбарияти иштирок этган тадбирда локомотив паркларни янгилаш мақсадида ҳар йили хорижий давлатлардан халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган юк ва йўловчи ташишга мослаштирилган замонавий, янги электровозлар сотиб олишга эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

– Юртимизда темир йўлдан фойдаланиш эҳтиёжи ортиб бормоқда, – дейди Локомотив депосининг машинист-мураббийи Умид Хурсандов.– Бу эса пўлат йўлларимизда минтақа иқлимига тўғри келадиган қудратли электровозларни кўпайтиришни тақозо этади. Замонавий жиҳозланган локомотивнинг яна бир қулайлиги кабинаси тўлиқ компьютерлаштирилган бўлиб, ҳайдовчи учун барча қулайликларга эга. Амалдаги локомотивларни ҳар уч кунда техник кўрикдан ўтказиш керак бўлса, замонавийларида бунга эҳтиёж ўн кунда бўлади. Бу ҳам иш унумдорлигини оширишда муҳим. Айни вақтда бундай электровозларни бошқариш учун машинистлар тайёрлаш, таъмирлаш учун инженер ходимларни ўқитиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Тадбирда айтилишича, бу электровозларни сотиб олишдан олдин Ўзбекистон темир йўллари мутахассислари мамлакатимиздаги мавжуд тоғли участкаларда махсус техник синовлардан ўтказган. Поездлар ҳаракатланиши мураккаб бўлган тоғли ҳудудларда бу локомотивлар кўнгилдагидек ҳаракатланиб, синовлардан ишончли ўтди. Уч қисмдан иборат электровознинг қуввати соатига 9840 кВт. Ҳаракатдаги минимал тезлик – 49,9 км/соат, энг юқори тезлик – 110 км/соат. Электровоз энг иссиқ ёз ва қаҳратон совуқ кунларга ҳам бардош бера олади.

Янги электровозлар Тошкент, Қарши ҳамда «Бухоро минтақавий темир йўл узели» унитар корхонаси ҳудудидаги Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Қарши вилояти йўналишларида ҳаракатланадиган юк поездларига хизмат кўрсатади.

Таъкидлаш лозимки, Россиянинг «Трансмашхолдинг» акциядорлик жамияти билан тузилган ҳамкорлик лойиҳасига кўра юртимизга 2018 йилда 2 та, 2020 йилнинг июль ойида яна 2 та Ermak номли электровоз келтирилиб, муваффақиятли эксплуатация қилинаётган эди. Навбатдаги келтирилган 3 та уч секцияли электровоз ҳам ана шу ҳамкорликнинг узвий давомидир. Энди темир йўлларимиздаги бу турдаги локомотивлар сони еттитага етди. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги электровозларнинг умумий сони эса 115 иборат.

7 292
Сайёра ШОЕВА, ЎзА