Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.08.2017 15:28 Чоп этиш версияси

Якка тадбиркорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташаббуси билан якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган мулоқот ўтказилди.

Бугунги кунда якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларнинг рўйхатга олиниши соддалаштирилган тартибда амалга оширилаётганлиги, улар учун қатъий белгилаб қўйилган солиқлар тўлаш жорий қилингани ва бошқа имтиёзлар соҳа ривожига хизмат қилмоқда.

Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолияти билан боғлиқ муносабатлар Фуқаролик кодекси, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг айрим моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қатор меъёрий ҳужжатлари билан тартибга солиниб келинмоқда. Сўнгги пайтларда яратилаётган имкониятлар туфайли аҳоли орасида тадбиркорликнинг ушбу тури билан шуғулланишга бўлган қизиқиш кучаймоқда. Якка тадбиркорлик нафақат мамлакат бюджети учун ўзига хос даромад манбаи, балки фуқароларнинг бандлигини таъминлашнинг муҳим омили ҳамдир.

Мулоқот давомида тадбиркорликнинг ушбу тури имкониятларидан тўлақонли фойдаланилмаётгани ҳақида танқидий фикрлар билдирилди. Мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида тегишли қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш, соҳани тартибга солувчи қонун лойиҳасини тайёрлаш таклифи ҳам илгари сурилди. Қонун лойиҳасида якка тадбиркорлар мақоми, унинг фаолиятини ташкил этиш асослари ва тартибини белгилаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби муҳим нормаларни назарда тутиш лозимлиги қайд этилди.

Тадбирда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш билан боғлиқ бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Нурулло Насриев, ЎзА
1 941






Все о погоде - Pogoda.uz