Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2017 17:26 Чоп этиш версияси

"Ягона дарча" – тадбиркорлар учун қулайлик

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 февралдаги "Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига биноан туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги “Ягона дарча” марказлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилди. Бу “Ягона дарча” марказларини самарали бошқариш, уларнинг фаолиятини ва бошқа давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этишга нисбатан тизимли ёндашувни белгилаш имкониятини беради.

Мамлакатимиз ишбилармонларининг оғирини енгил қилаётган мазкур марказлар фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган «Ягона дарча» марказида бўлдик.

– Мамлакатимизда тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратилган, – дейди Олмазор туманида истиқомат қилувчи якка тадбиркор Мавлуда Шоматова. – Кўпдан буён аёлларимиз учун миллий либослар, бежирим буюмлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган тикув цехини очишни режалаштириб юрган эдим. Мана, кўриб турганингиздек қисқа фурсат ичида барча масалалар ижобий ҳал бўлди. Энг муҳими, мен энди қонуний тадбиркорман. Яратиб берилаётган қулайликлардан миннатдормиз.

Президентимиз қарори асосида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастурида барча турдаги рўйхатга олиш ва рухсат бериш тартиб-тамойилларини соддалаштириш, турли давлат хизматларидан фойдаланишни янада кенгайтириш масалалари кўзда тутилган. Шу билан бирга, давлат хизматларидан фойдаланишда турли тўсиқларни бартараф этиш, очиқликни таъминлаш соҳада долзарб аҳамият касб этади.

Пойтахтимизнинг ўн битта туманидаги “Ягона дарча” марказлари орқали аҳолига 16 турдаги хизматлар кўрсатилаётир. Тадбиркорларнинг давлат рўйхатидан ўтиши, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш, ташқи рекламани жойлаштириш, турар жойни нотураржойга айлантириш каби масалалар ушбу масканларда ҳал этилмоқда. Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Камол Холиқовнинг маълумотига кўра, жорий йилнинг январь-февраль ойларида пойтахтимизда бу каби хизматлардан фойдаланаётган юридик шахслар қарийб 2 мингга етди.

– Мамлакатимизда “Ягона дарча” марказларини бошқаришнинг самарали тизими яратилди, – дейди Олмазор тумани «Ягона дарча» маркази бош мутахассиси Жасур Саидхўжаев. – Адлия идоралари марказ фаолиятига умумий раҳбарлик қилиб, тадбиркорлик субъектларига давлат хизмати кўрсатишга оид қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади. Бу марказ фаолиятини бошқариш ва давлат органлари билан ўзаро самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Марказларни қайта ташкил этиш бўйича ҳар бир туманда ишчи гуруҳи, уларга услубий ёрдам бериш ва фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида идоралараро шаҳар ишчи гуруҳи шакллантирилгани айни муддао бўлди.

Марказларга келган тадбиркорларга ахборот бўлимининг ўзидаёқ давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул маълумот берилмоқда. Ҳар бир марказ юксак салоҳиятли, ҳуқуқшунослик, иқтисод, солиқ ва молия соҳаларида етарли малакага эга бўлган, ахборот-коммуникация технологияларини пухта эгаллаган кадрлар билан таъминлангани иш самарадорлигини оширмоқда.

– Туманимиздаги “Ягона дарча” марказига бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқимни давлат рўйхатидан ўтказишни сўраб, мурожаат қилдим, – дейди Олмазор тумани «Ислом ота» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи якка тадбиркор Шукур Розиқов. – У белгиланган тартибда қабул қилиниб, расмийлаштирилди ва тегишли давлат хизмати кўрсатувчи идорага юборилди. Натижаси бўйича, албатта, ўз вақтида маълумот тақдим этилиши билдирилди. Бу мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий тасдиғидир.

Давлат хизматлари кўрсатиш «Ягона дарча» марказларини ташкил этишдан асосий мақсад тадбиркорларнинг иш бошлашидан тортиб фаолияти давомида зарур бўладиган хизматларни уларга бир жойда кўрсатиш, янада қулайлик яратишдан иборатдир. Амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар тадбиркорлик субъектларига давлат хизмати кўрсатиш сифатини янги босқичга кўтариб, иқтисодиётимизни юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
5 270






Все о погоде - Pogoda.uz