Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 15:55 Чоп этиш версияси

Валюта айрибошлаш шохобчалари сони ортмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда валютани тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий қилиш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи ва ички бозордаги рақобатдошлигини оширишда дастуриламал бўлаётир.

“Қишлоқ қурилиш банк” ахборот хизматидан маълум қилишларича, мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Хусусан, аҳолига ва юртимиз меҳмонларига қулайлик яратиш учун банк тизимидаги мавжуд 15 та валюта айирбошлаш шохобчасига қўшимча равишда минтақавий ва туман филиаллари, йирик бозор ва савдо марказлари ҳудудларида фаолият кўрсатаётган мини-банкларда 33 валюта айирбошлаш шохобчаси ташкил этилган.

Жорий йилнинг 5 сентябридан буён банк валюта айирбошлаш шохобчаларида хорижий валюталар сотиб олинмоқда. Иш ҳажмининг ортгани ҳисобига мавжуд 10 та конверсион операциялар бўлимига қўшимча равишда яна 29 та филиалда конверсион операциялар бўлими ташкил этилди.

– Бугунги кунда банкимизда чет эл валютасини сотиб олиш мақсадида ишлатиладиган конверсион карталарни расмийлаштириш учун амалга ошириладиган тўлов 100 минг сўм, – дейди банк бош мутахассиси Эътиборхон Мансурова. – Чет эл валютасидаги картанинг камайтирилмайдиган қолдиқ депозити 100 долларни ташкил этади. Бу маблағ карта эгасига тегишли бўлиб, у чет эл банклари картага кўрсатилган хизмат учун маблағ ечиб олганда карта балансининг пасайиб кетиши натижасида банк-эмитент кўриши мумкин бўлган зарарнинг олдини олиш мақсадида йўлга қўйилган. Агар карта ёпилса, мазкур маблағ карта эгасига қайтариб берилади. Халқаро тўлов картаси балансида мавжуд бўлган маблағлардан савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарида товар ва хизматлар учун нақд пулсиз тўловлар ўтказилганда банк комиссияcи миқдори 0,7 фоизни, банкомат орқали нақд пул олинганда ушлаб қолинадиган банк комиссияcи 1 фоизни ташкил этади.

Яна бир қулайлик. Банкда конверсион карталараро пул ўтказмалари хизмати жорий этилди. Эндиликда конверсион карта эгалари ўз ҳисобидан хорижий валютани қабул қилувчи чет элда бўлган тақдирда ҳам картадан картага ўтказишлари мумкин. Бунда маблағ ўтказувчи ҳам, қабул қилувчи ҳам “Қишлоқ қурилиш банк” конверсион картасига эгалари бўлиши лозим.

Айни вақтда, харид қилинадиган валюта миқдори, валюта сарфланиши режалаштирилган давлатлар ва банкоматларда ечиладиган валюта миқдорига ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас. “Қишлоқ қурилиш банк”да валюта айирбошлаш масалалари бўйича “Ишонч телефонлари” фаолияти йўлга қўйилган.

Банк мижозлари ва фуқаролар қўйидаги телефон рақамларига қунғироқ қилиб, ўзларини қизиқтирган саволлар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилишлари мумкин. (0-371)150-10-01, 150-76-46, 150-76-84.
Хизматлар лицензияланган.

Сайёра Шоева, ЎзА
1 288






Все о погоде - Pogoda.uz