ЎзА Ўзбек

24.10.2012 19:50 Чоп этиш версияси

Узоқ муддатли хўжалик муносабатлари асосида

“Ўзэкспомарказ” павильонларида VI Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа давом этмоқда.

Тадбирлар Президентимиз Ислом Каримовнинг 2007 йил 12 ноябрда қабул қилинган “Ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш доирасида ўтказилмоқда.

Саноатчилар форуми рақобатбардош, экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришни янада рағбатлантириш, ички тармоқ ва тармоқлараро, шунингдек, кичик бизнес ва йирик корхоналар ўртасида саноат кооперациясини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.

Ҳар куни етакчи саноат тармоқлари, улар учун инновация лойиҳаларини ишлаб чиқадиган илмий институтлар, шунингдек, истиқболли кичик корхоналарнинг ўнлаб марказлаштирилган тақдимот маросимлари ўтказилмоқда. Улар орасида Олмалиқ ва Навоий кон-металлургия комбинатлари, “Ўзбекистон қаттиқ қотишмалар ва ўтга чидамли металлар комбинати” очиқ акциядорлик жамияти, “Ўзметкомбинат” очиқ акциядорлик жамияти, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси, “Агрегат заводи” очиқ акциядорлик жамияти ва мамлакатимизнинг бошқа йирик саноат корхоналари ҳисоботларини қайд этиш лозим. Бундан ташқари, мамлакатимиз ҳар бир вилоятининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтмоқда.

– Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа мамлакатимиз компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, маҳсулотларимизни етказиб бериш, ўзимизда ишлаб чиқарилган зарур ускуналарни харид қилиш имконини бермоқда, – дейди Навоий кон-металлургия комбинатининг ишлаб чиқариш-техник ва инновация бўлими бошлиғи Шавкат Мадаминов. – Масалан, Навоий машинасозлик заводи негизида 11,7 минг номдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Қайта ишлаш фабрикалари учун турли дастгоҳлар, кон-шахта ускуналари, эҳтиёт қисмлар, технологик ускуналар шулар жумласидандир. Умуман, 2011 йилда заводда Маҳаллийлаштириш дастури бўйича қиймати 76,8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, жорий йилда бу кўрсаткич 90 миллиард сўмдан ошди.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлиги ҳам эътиборга сазовор. Бу йил комбинатда қўшимча шартномалар тузиш, фаолият кўламини кенгайтириш ва маҳаллийлаштирилаётган ускуналарни етказиб беришни кўпайтириш мўлжалланмоқда.

Мамлакатимиз саноат салоҳиятини ривожлантиришда муҳим ўрин тутаётган ҳудудларининг тақдимот маросимлари ҳам бу ерга ташриф буюрганларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бунинг сабаби шундаки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик бозор талабларига ўз вақтида мослашмоқда ҳамда талаб этилган сифат ва миқдордаги турли маҳсулотларни ишлаб чиқариш имкониятларидан унумли фойдаланмоқда. Шунинг учун улар маҳсулотларни маҳаллийлаштириш ва янги турдаги товарлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришда асосий ўрин тутиши лозим.

Тошкент вилояти ҳудудида 99 йирик ва 3402 кичик корхона фаолият кўрсатмоқда. Маҳаллийлаштириш дастурида вилоятдаги йигирмадан ортиқ корхона иштирок этаётир. Ҳар йили тузилаётган шартномалар ҳажми ўртача 1,25 баробар кўпаймоқда. Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа қайта ишланган хомашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш, тармоқ ва тармоқлараро кооперация алоқаларини ривожлантириш асосида янги турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўзлаштиришда узоқ муддатли хўжалик муносабатларини кенгайтиришга кўмаклашмоқда. Бундан ташқари, уларда тузилган шартномалар вилоят саноати учун мўлжалланган мамлакатимиз ва хорижда ишлаб чиқарилган самарали технологиялар, материаллар, асбоб-ускуналарни мазкур ҳудуд бозорига чиқариш имконини бермоқда.

Вилоят корхоналари томонидан эришилган келишувларга мувофиқ вертикал ва марказдан қочирма насослар, поливинилхлориддан тайёрланган фитинглар, кучли ток узатиш кабеллари, трансформаторлар, тақсимлаш қурилмалари, подшипниклар, тўқимачилик буюмлари, ветеринария препаратлари ва бошқа янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржада дунёнинг турли давлатларидан юзлаб хорижий компания ва фирмалар вакиллари иштирок этмоқда. Ўзбекистон компаниялари хорижлик шериклар билан бевосита амалий музокаралар ўтказмоқда, улар билан тижорат алоқаларини ўрнатмоқда.

– Бундай йирик халқаро саноат форумида иштирок этаётганимдан мамнунман, – дейди Украинанинг “Агронафтохим” компанияси раҳбари Борис Коробко. – Қайд этиш жоизки, мазкур тадбир Ўзбекистон иқтисодиёти фаол ва жадал ривожланиб бораётганидан ёрқин далолат беради. Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржада яратилган шарт-шароитлар ва тақдим этилган имкониятлар туфайли мамлакатингиз бозорида шериклар топиш, жумладан, “Махсус полимер” заводи билан шартнома тузиш ҳамда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган сифатли маҳсулотларни харид қилиш имконига эга бўлдик.

– Бугун Ўзбекистон жадал ривожланаётган давлатлардан биридир, – дейди “Sam Woo T&C, Ltd” консалтинг компанияси директори Кенгкук Нох (Жанубий Корея). – Шунинг учун Жанубий Корея тадбиркорлари мамлакатингиз ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилишга катта қизиқиш билдирмоқда. Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа бизга мамлакатингиз ишлаб чиқарувчилари билан яқиндан танишиш, Ўзбекистон бозоридаги талаб ва таклифни ўрганиш имконини бермоқда. Натижада мамлакатимиз ишбилармонларига тақдим этиш учун Ўзбекистон ҳақидаги холис ахборотга эга бўлдик.

Форум ишчанлик руҳида ўтмоқда, ишлаб чиқариш корхоналарининг секторлар бўйича пухта ўйланган тизим асосида жойлаштирилгани, павильонларда эълон қилинган маълумотлар тадбирлар иштирокчилари ҳамда меҳмонларига ўзларини қизиқтирган объектлар, расмий вакилларни тез излаб топиш имконини бермоқда. Ярмарканинг дастлабки иш кунида 700 миллиард сўмликдан зиёд маҳсулотларни харид қилиш, шунингдек, қиймати 500 миллион доллардан ортиқ мамлакатимизда ишлаб чиқарилган товарларни экспорт қилиш бўйича шартномалар тузилди. Иштирокчилар ва бу ерга ташриф буюрганлар сони эътиборга олинадиган бўлса, бу рақамлар кундан кунга янада кўпайиши шубҳасиз.


ЎзА, Меҳрибон Маметова, Асқар Ёқубов (сурат)
10 719