ЎзА Ўзбек

26.07.2020 Чоп этиш версияси

“Uzbekistan GTL” заводида олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари ҳолати қандай?

“Uzbekistan GTL” заводида олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари ҳолати қандай?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан минтақадаги энг йирик корхонанинг қурилиш ишларини 2020 йилнинг сўнгига қадар якунлаб, уни ишга тушириш борасида топшириқлар берилди.

Мазкур топшириқларнинг амалда бажарилишини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев "GTL" заводида бўлди ва у ердаги қурилиш-монтаж ишлари ҳолатини ўрганди.

Унда туну кун иш давом эттирилаётган «GTL» заводининг асосий технологик қурилмаларининг қурилиш жараёни ҳамда қурилиш майдонида фаолият олиб бораётган мутахассис ва ишчи-ходимларнинг меҳнат шароити билан яқиндан танишилди.

Ўзбекистонда ва бутун дунёда вужудга келган эпидемиологик вазиятга қарамасдан, синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича минтақадаги энг йирик бўлган завод қурилиши давом этмоқда. 

Танишув чоғида ушбу стратегик муҳим лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган ҳар бир ходимнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, унинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишига қаратилган бир қатор кўрсатма ва топшириқлар берилди.

photo_2020-07-26_16-12-12.jpg

“GTL” заводи раҳбари Фаҳриддин Абдурасуловнинг маълум қилишича, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ишлари якуний босқичда. Бу ерда 10 минг нафарга яқин ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Жараёнда минглаб техникалардан унумли фойдаланилмоқда. 

Таъкидлаш керакки, Қашқадарё вилояти ҳудудидаги ушбу “Шўртан газ кимё комплексининг тозаланган метан негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш” инвестиция лойиҳаси мамлакат иқтисодиёти учун ўзининг муҳим стратегик аҳамиятига эга. “Uzbekistan GTL” тўлиқ лойиҳалаш қувватига эришгач, йилига 3,6 миллиард куб метр табиий газ (метан) қайта ишланади ва 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғи, жумладан, 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тонна дизел ёқилғиси, 437 минг тонна нафта ва 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади. 

Завод дунёнинг нефть ва газ кимёси соҳасида етакчи ҳисобланадиган Sasol (Жанубий Африка), Haldor Topsoe (Дания) ва Chevron (АҚШ) каби компанияларнинг технологиялари асосида лойиҳалаштирилган бўлиб, бу ерда 808 та янги иш ўрни яратилади.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳа доирасида қурилиш-монтаж ишларини жорий йилнинг декабрь ойига қадар тугатиш бўйича барча чораларни кўрилмоқда. 

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

8 393
ЎзА