ЎзА Ўзбек

12.02.2019 Чоп этиш версияси

Қувасойда янги қўшма корхона очилди

Қувасойда янги қўшма корхона очилди

Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида “Running busines trans invest” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Туркия қўшма корхонаси иш бошлади.

Мамлакатимизда инвестиция муҳити яхшилангани натижасида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри сармоялар фаол кириб келмоқда. Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида бу борадаги ишларнинг кўлами янада кенгайиб, кўплаб хорижий давлатлар билан ҳамкорликда янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, Қувасой шаҳридаги собиқ “Қувасой чинниси” акциядорлик жамиятининг фойдаланилмай турган, қаровсиз ёки самарасиз ишлаб турган бинолари негизида кичик саноат зонаси ташкил этилди.

Бугунги кунда мазкур ҳудудда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга шароит яратиш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш, шу орқали янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Хусусан, жорий йилда 38 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилган ҳолда 5 та йирик лойиҳа ишга тушади. Янги иш бошлаган қўшма корхона ҳам ана шулардан биридир.

“Running busines trans invest” қўшма корхонаси томонидан кичик саноат зонаси ҳудудида умумий қиймати 2,1 миллион АҚШ доллари миқдорида лойиҳа амалга оширилмоқда.

– Лойиҳанинг биринчи босқичи ишга тушиши натижасида 300 та янги иш ўрни яратилди, – дейди қўшма корхона директори Ҳусниддин Отабоев. – Айни кунларда бу ерда эллик турдан ортиқ трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотларнинг асосий қисми экспорт қилинади.

6 894
М.Сулаймонов, ЎзА​​