Қурилиш материаллари саноати ривожланмоқда
Кенг кўламдаги қурилиш ва бунёдкорлик ишлари қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришни тақозо қилмоқда.
Кенг кўламдаги қурилиш ва бунёдкорлик ишлари қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришни тақозо қилмоқда. Тармоқни модернизация ва диверсификация қилишга қаратилган чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 8 мингтага етди. Ишлаб чиқарилаётган товарлар номенклатураси кенгайиб, маҳаллий бозордаги қурилиш материалларининг тури ва ҳажми салмоғи ортиб бормоқда.Пойтахтимизда «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти томонидан соҳа мутасадди ва мутахассислари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида бу алоҳида қайд этилди.
Хориждан келтирилаётган гипскартон, қуруқ қурилиш қоришмалари, сопол плиткалар сингари материалларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилиши кейинги уч йилда ушбу маҳсулотларнинг импорт ҳажмини 3,5 баробарга қисқартириш имконини берди. Ҳозирги пайтда шиша ва базальт пластикли арматура ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш устида иш олиб борилмоқда.
2016 йил якунларига кўра, жамият таркибига кирувчи 102 корхона томонидан 2 триллион 800 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилдагига нисбатан 10 фоизга кўпдир. Анъанавий экспорт бозорларида товар ва маҳсулотларга бўлган талабнинг пасайишига қарамай хорижга 117 миллион долларлик маҳсулот етказиб берилиб, прогноз кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилган. Экспорт қилинаётган маҳсулотлар тури 2015 йилдагига нисбатан саккизтага кўпайиб, қирқтага етган.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида қарийб 46 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. 71 миллион доллардан зиёд инвестиция маблағлари ҳисобидан 22 лойиҳа амалга оширилган. Инвестицияларнинг қарийб 40 фоизи тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар экани хорижий сармоядорларнинг соҳага бўлган қизиқиши ортаётганидан далолат беради.
«Жиззах» эркин иқтисодий зонасида глазурли керамик қопламали плиткалар, Жиззах вилоятида иссиқликни сақловчи материаллар, Самарқанд вилоятида катта ўлчамли керамик қопламали плиткалар, Тошкент шаҳрида замонавий сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши маҳаллий хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлашга хизмат қилмоқда.
– Ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли қурилиш материаллари билан бойитиш олдимиздаги устувор вазифа ҳисобланади, – дейди «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи Жўрабек Аҳмедов. – Шундан келиб чиққан ҳолда жорий йилда бу йўналишдаги ишларни изчил давом эттирмоқдамиз. Хусусан, Маҳаллийлаштириш дастури бўйича 11 турдаги қурилиш материали ишлаб чиқаришни ўзлаштириш кўзда тутилган.
2017-2021 йилларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида умумий қиймати 7 триллион 400 миллиард сўмлик 2 минг 500 га яқин лойиҳани амалга ошириш белгиланган.
Жорий йилда 3 триллион сўмлик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, 107 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш режалаштирилган. 968 лойиҳани амалга ошириш, маҳсулотлар таннархини 8 фоизга камайтириш устида саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган. Янги бозорларни ўрганиш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Грузия ва Афғонистонда дилерлик тармоқлари ҳамда ваколатхоналарини очиш мўлжалланмоқда.
Анжуманда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.