ЎзА Ўзбек

11.01.2019 17:10 Чоп этиш версияси

Ургутда газ плита ва электр духовка ишлаб чиқарилмоқда

Ургутда газ плита ва электр духовка ишлаб чиқарилмоқда

“Ургут” эркин иқтисодий зонасида фаолият бошлаган “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси таркибига кирувчи “Ideal Elektro lyuks” корхонаси электр духовка, газ ва электр плиталар ишлаб чиқармоқда. Жорий йилда 4 миллион долларлик маиший техника воситаларини хорижга экспорт қилиши режалаштирилган.

“Ideal Elektro lyuks” корхонаси ҳозирга қадар Самарқанд шаҳрида фаолият юритаётган бўлиб, лойиҳанинг дастлабки натижалари самарали амалга оширилаётган эди. Шу боис ишлаб чиқариш тармоғини кенгайтириш ва экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқаришга зарурат пайдо бўлди. 

Шу мақсадда “Ургут” эркин иқтисодий зонасида экспортга мўлжалланган, “ўзбек” миллий бренди остида юқори сифатли маҳсулотлар тайёрлаш ва жаҳон бозорига олиб чиқишга ихтисослашган иккинчи корхона 2018 йилнинг декабрь ойи охирида ишга тушди. 

Лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллион доллар бўлиб, корхона йилига 60 минг дона электр духовка ва газ плиталари ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотларнинг 30 фоизини экспортга йўналтириш мўлжалланмоқда. Корхонада яратилган 120 та янги иш ўрнининг аксариятини касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассислар банд этди. 

– Туркия ва Хитойдан келтириб ўрнатилган замонавий ва юқори сифатли техник ускуналар ёрдамида ҳозирча газ плита ва электр духовкалар ишлаб чиқарилмоқда, – дейди корхона раҳбари Соҳиб Азимов. – Маҳсулотга ҳозирданоқ талаб юқори. Жумладан, 2019 йил давомида 4 миллион доллар қийматидаги маҳсулотни хорижга экспорт қилиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш тармоғи ҳам кенгайтирилади.

Хорижнинг энг замонавий технологик линиялари билан жиҳозланган корхонада бугун лойиҳанинг кейинги босқичини ҳаётга татбиқ этиш устида иш олиб борилаяпти. Бу импорт ўрнини босувчи тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бир неча баробар ошириш, ички бозорни арзон ва юқори сифатли маиший техника воситалари билан тўлдиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.​​

ЎзА
3 990