ЎзА Ўзбек

08.09.2019 Чоп этиш версияси

Урганчда замонавий вакциналар сақлаш омбори қуриб фойдаланишга топширилди.

Урганчда замонавий вакциналар сақлаш омбори қуриб фойдаланишга топширилди.

Урганч шаҳрида ЮНИCЕФ болалар ташкилоти кўмагида вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси учун замонавий вакциналар сақлаш омбори қуриб фойдаланишга топширилди.

Инсон саломатлиги - буюк неъмат. Айниқса, жамият тараққиёти бевосита болалар саломатлиги билан боғлиқ. Шу сабабли мамлакатимизда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Фарзандларимиз соғлом улғайиши учун турли вакциналар билан эмлаш муҳим аҳамият касб этади. Улар турли босқичларда шифокорлар томонидан эмланади. Бунда вакциналарни махсус шароитларда сақлаш долзарб масала ҳисобланади.

ЮНИСЕФ халқаро болалар ташкилоти томонидан Хоразм вилоят ДСЭНМ ҳудудида вилоят болалари учун мўлжалланган вакциналарни сақлаш учун биринчи омборхона очилди.

photo_2019-09-08_15-22-30.jpg

Унда ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Афшин Парси сўзга чиқди ва Хоразм вилояти Санитария-эпидемиология назорати марказининг бош врачига омборхонанинг махсус пештоқини топширди. Тадбирда, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика санитария-эпидемиология хизмати вакиллари, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва санитария-эпидемиология хизмати ходимлари иштирок этди.

- Ушбу замонавий вакцина омборхонаси вилоятимизда ягона бўлиб, йилнинг ҳар қандай фаслида ичкаридаги ҳавони бир хил сақлайди, - дейди омборхона мудираси Садоқат Аннамуродова. – Омборхона 31 минг литр, яъни 440 куб метр ҳажмдаги вакциналарни иккита совитгич камераларда сифатли сақлаш имконини беради. Ушбу вакцина омборхонаси лойиҳа баҳоси қарийб бир миллион долларни ташкил қилади.

photo_2019-09-08_15-22-37.jpg

- Ўзбекистонда ушбу лойиҳа иккинчи бор амалга оширилмоқда, -дейди, ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Афшин Парси. - ЮНИСЕФ бутун Ўзбекистон бўйлаб 20 дан ортиқ паст ҳароратли омборларни қуриш ва реконструкция қилишда Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўмак бермоқда. Мазкур иншоотлар Шарқий Европа ва Марказий Осиёда энг яхши вакциналар омборхоналари бўлади. Фонд Ўзбекистонга мутахассисларни тайёрлаш, омборхонадан фойдаланиш бўйича зарур маълумотлар, вакциналарни ташиш учун автомобиль-совиткичлар ва совиткичли сумкаларни етказиб беришда кўмаклашади.

Глобал маълумотларга кўра, эмлаш 5 ёшгача бўлган болалар орасида қарийб 3 миллион ўлим ҳолатларини олдини олиши мумкин. Эмлаш бу соғлиқни сақлаш соҳасига киритиладиган энг муваффақиятли ва тежамкор сармоялардан биридир. Ушбу янги ускуна бир ёшгача бўлган 44 мингдан ортиқ болаларни эмлаш учун 22 минг литрга яқин вакциналарни сақлаш имкониятига эга. Совуқхоналар вакциналарни 2-8 целсий ҳарорати остида хавфсиз сақлаш учун жиҳозланган. Ушбу ускуна барча даражада вакциналарни самарали бошқаришга ўз ҳиссасини қўшади.

photo_2019-09-08_15-22-43.jpg

Тадбир ниҳоясида йиғилганлар омборхона имконияти ва яратилган шароитлар билан танишди. ЮНИСЕФ ташкилоти вакиллари ходимларни ускуналарни бошқаришда зарур бўлган билим ва қўлланмалар билан таъминлашда ёрдам бериб боришини таъкидлади. Тадбир якунида ижро этилган куй-қўшиқлар барчанинг қалбига хушнудлик бахш этди.

15 627
Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА мухбири