Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.10.2017 15:28 Чоп этиш версияси

Унаби ва ёнғоқ учун беш йиллик сармоя

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан тадбиркорликни ривожлантиришда микрокредитлашнинг ўрни ва аҳамияти мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Миллий банк шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, чорвачилик, йилқичилик, туячилик, балиқчилик, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш, қуён боқиш, иссиқхоналар ташкил этиш, шунингдек, уруғ ва кўчатлар сотиб олиш учун энг кам иш ҳақининг 100 бараваригача миқдорда микрокредитлар бермоқда.

Бунда микросармоялар мевали дарахтлар ва узум кўчатларини сотиб олиш, балиқчилик ва паррандачиликни ривожлантириш учун 1 йиллик имтиёзли давр билан 3 йилгача, чорвачилик, йилқичилик, туячилик, асаларичиликни ривожлантириш, қуён боқиш учун эса 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача бўлган муддатларда берилмоқда. Унаби ва ёнғоқ етиштириш учун 3 йиллик имтиёзли давр билан 5 йилгача бўлган муддатга сармоя ажратилаётгани ҳам кўпчиликкка манзур бўлаётир.

Анжуманда Миллий банк томонидан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда фаол иштирок этиш, ёшларнинг бизнесга доир инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватлаб, хусусий секторни ривожлантиришда баркамол авлод салоҳиятидан унумли фойдаланиш мақсадида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг тадбиркорлик ташаббуслари рағбатлантириб келинаётгани қайд этилди.

Касб-ҳунар коллежи битирувчиси юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият юритаётган бўлса, унга энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваригача, юридик шахс мақомида фаолият юритадиган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 300 бараваригача миқдорда кредит маблағлари ажратилмоқда.

– Коллеж битирувчиларига кредитлар тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун 12 ой муддатгача, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни ташкил этишга айланма маблағларини тўлдириш, асбоб-ускуналарни сотиб олишга 2 йил муддатгача, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун 3 йилдан ортиқ муддатга берилмоқда, – дейди Миллий банкнинг кредит департаменти бошқармаси бошлиғи Файзулла Шоисматов. – Ана шу мақсадларда жорий йилнинг саккиз ойи давомида 2 мингдан ортиқ битирувчига 50 миллиард сўм миқдорида имтиёзли сармоялар ажратилди.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Сайёра Шоева, ЎзА
4 903






Все о погоде - Pogoda.uz