ЎзА Ўзбек

19.10.2012 17:47 Чоп этиш версияси

Улкан зафар муборак бўлсин!

Мамлакатимиз пахтакорлари улкан меҳнат зафарини қўлга киритдилар – 3 миллион 350 минг тоннадан ортиқ юқори сифатли пахта ҳосили йиғиб олинди.

Кўнглига эзгу ва улуғ ниятларни туккан элнинг ризқ-насибаси ҳамиша бутун бўлади. Халқимиз эркин ва обод Ватанда фаровон ва бахтли ҳаёт барқарорлигини мустаҳкамлаш йўлида эришаётган юксак марралар бу ҳақиқатни яққол тасдиқлайди. Ҳаёт синовларида тобланган, меҳнаткаш ва омилкор деҳқонларимиз ана шу муваффақиятларимизга улкан ҳисса қўшиб, пахта тайёрлаш бўйича шартнома мажбуриятларини адо этгани бутун халқимизнинг кўнглини тоғдай кўтарди. Дилига хурсандчилик ва ғурур бағишламоқда.

Зеро, миллий бойлигимиз бўлган бу қимматбаҳо хомашёнинг мамлакатимиз иқтисодиёти, халқимиз фаровонлиги юксалиши, шаҳар ва қишлоқларимиз ободлиги, саноатимиз тараққиётида қанчалик улкан аҳамиятга эга эканлиги барчамизга яхши аён. Бир тонна пахтадан 7200 метр мато, 54 минг ғалтак ип, 360 килограмм момиқ пахта, 110 килограмм пахта ёғи, 16 килограмм совун олиш мумкинлигини, умуман, пахтадан ўнлаб турдаги маҳсулот тайёрланишини эътиборга олсак, деҳқонларимизнинг бугунги меҳнат ғалабаси ҳар бир юртдошимиз, бутун мамлакатимиз ҳаётига нақадар катта ижобий таъсир кўрсатишини янада теранроқ англаймиз.

Пахтадан мўл ҳосил етиштириш осон иш эмас. Унинг замирида заҳматкаш, ишнинг кўзини биладиган, азму шижоатли фермерларимизнинг машаққатли меҳнати мужассамдир.

Эрта кўкламда меҳр ва умид билан ерга уруғ қадаган деҳқоннинг бир кўзи пайкалда, бир кўзи осмонда бўлади. Кўкда булут пайдо бўлса, кўнглига ғулғула тушади. Ғўза бир текис униб чиққан далаларни оралар экан, илк шонани кўрганида ғоят қувонади, дастлабки кўсак, лўппидек очилган биринчи чаноққа кўзи тушганида ҳосил чўғини чамалайди. Ҳа, лафзи ҳалолликни, ор-номусни ҳаётининг маъноси, эзгу мақсад-муддаолари ижобатининг кафили, деб билади ўзбек деҳқони.

– Деҳқон ернинг нафасини ҳис этиб туриши керак, дерди отам. Орадан йиллар ўтиб, бу гапнинг маъносини тушунгандайман, – дейди Хонқа туманидаги
“Истиқлол” фермер хўжалиги раҳбари Ҳамза Жуманиёзов. –Деҳқончиликнинг ёзилган ва ёзилмаган қонуниятлари бор. Ғўза – ғоят инжиқ экин. Масалан, суғориш ёки культивацияни белгиланган кун ва соатда бажармасангиз, ҳосилдан деярли айрилдим, деяверинг. Бегона ўт босган пайкалга қанча ўғит сочманг кутилган ҳосилни ололмайсиз. Қимматбаҳо минерал ўғитни, меҳнатни бегона ўтга бериш пулни ҳавога совуриш билан баравар. Шу боис ҳақиқий деҳқон ҳамиша жонсарак юради. Отам бир умр пахта етиштирди, бироқ эгнида оҳори тўкилмаган пахталик кийимни кам кўрганман. Онам ҳам далада меҳнатдан бош кўтармади, аммо рўшнолик кўрганини билмайман. Бугун мен отам касбини давом эттираяпман. Дала меҳнаткашларининг ўша даврдаги турмуши билан бугунги ҳаётимиз, турмуш даражамиз, деҳқонлар учун яратилган имкониятлар ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Меҳнатинг қадр топса, рағбат бўлса, ўзингга ишонч ортиб, яна ҳам ишлагинг, эл-юрт равнақига кўпроқ ҳисса қўшиб яшагинг келаверар экан...

Дарҳақиқат, собиқ тузум даврида халқимиз ҳар йили беш-олти миллион тонналаб пахта етиштиргани ҳолда тўқимачилик буюмларини асосан четдан олар эди. Тўй-ҳашам, меҳмондорчилик учун тузукроқ кийим анқонинг уруғи эди. Пахтадан тайёрланган маҳсулотни пахта нархидан камида ўн баробар қимматига харид қилар эдик. Чунки юртимизда тайёр маҳсулот деярли ишлаб чиқарилмас, ўз пахтамиздан ишланган тайёр кийимни четдан олардик. Бошқача айтганда, меҳнатни биз қилар, роҳатини бошқалар кўрар эди. Устига-устак, бизга асосан сунъий толадан тайёрланган буюмлар жўнатиларди.

Буларнинг барчаси бугун мантиқсизлик бўлиб кўринади. Лекин бу – бор гап эди. Мустақил бўлмаганимизда бу мантиқсизлик, бу адолатсизлик яна қанча давом этарди?

Мустақиллик бизга, бошқа юзлаб имкониятлар қатори, пахта хомашёсини сўнгги босқичгача қайта ишлаш имконини берди. Мисол учун ўтган асрнинг 90-йилларида етиштирилган пахта толасининг 7 фоизи ўзимизда қайта ишланган бўлса, ҳозирги вақтда ушбу рақам 40 фоиздан ошгани мамлакатимиз бу йўлда изчил ривожланиб бораётганининг амалдаги яққол ифодасидир.

Бугунги деҳқон ер эгаси, тадбиркор, мулк соҳиби. У ерга меҳр бериб, омилкорлик билан уни даромад манбаига айлантирмоқда. Кўрилган фойдани замонавий уйлар қуришга, тўй қилишга, машиналар миниб, ҳеч кимдан кам бўлмай яшашга сарфлаш билан чегараланиб қолаётгани йўқ. Етиштираётган хомашёсини қайта ишлашни йўлга қўйиб, қишлоққа саноатни олиб кираяпти, аҳоли бандлигини, фаровонлигини оширишга фаол ҳисса қўшаётир.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида фермерлик ҳаракатини ривожлантириш учун имтиёзлар яратилгани, уларни кредит ресурслари билан таъминлаш, эртапишар ва серҳосил навлар яратиш, ғўза навларини ҳар бир ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитига, сув билан таъминланиш даражасига қараб жойлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, янги техника, минерал ўғитлар, сифатли уруғлик, ёқилғи-мойлаш материалларининг фермер хўжаликларига вақтида етказиб берилаётгани, турли зараркунанда ҳашаротларга қарши биологик усулларни қўллаш ишларининг тўғри ва тўла ташкил этилгани пахтачилик соҳасида эришилаётган ютуқларда муҳим омил бўлмоқда.

Ўзбекистон пахтаси ўзининг юқори сифати ва рақобатбардошлиги билан жаҳон бозорида муносиб ва мустаҳкам жой эгаллаган. Ливерпуль халқаро товар биржасида ўзбек толаси эталон сифатида қабул қилинган. Пойтахтимизда 17-18 октябрь кунлари бўлиб ўтган VIII Ўзбекистон Халқаро пахта ва тўқимачилик ярмаркаси натижалари ҳам буни яна бир бор яққол тасдиқлади.

Халқимизда ҳамжиҳатлик, камарбасталик туйғулари кучли. Бундай гўзал фазилатлар байрамлар, умумхалқ ҳашарларида яққол кўринади. Куз кунлари пахта ҳақида ўйламайдиган, гапирмайдиган одамни топиш қийин. Нуроний отахону онахонларимиз фотиҳага қўл очганда, “Илоҳим элимизнинг хирмонлари баланд бўлсин!” деб дуо қиладилар. Зеро, пахтадан олинадиган даромаддан бутун эл-юртимиз наф кўради. Бу йилги мавсумда ҳам йиғим-терим ишлари юқори уюшқоқлик билан ташкил этилиб, мўл ҳосил қисқа фурсатда териб олингани минглаб, миллионлаб юртдошларимиз азму шижоатининг натижасидир. Меҳнаткаш, танти, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган деҳқонлари бор эл асло кам бўлмайди.

Халқимизда яхши ният – ярим давлат, деган нақл бор. Зотан, ҳар қандай улуғ ишларнинг аввали яхши ниятдан бошланади. Эрта кўкламда кўнглида ана шундай эзгу орзу-ниятлар ила далага чиққан деҳқонларимизнинг бугун юзи ёруғ, дили равшан.

Улкан меҳнат ғалабангиз муборак бўлсин, азиз бободеҳқонлар! 


ЎзА, Олим Тўрақулов
9 167