Қулай сармоявий муҳит самаралари
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида муваффақиятли бизнес юритиш учун яратилган қулай сармоявий муҳит, зарур шароит ва имтиёзлар хорижий ишбилармонларнинг Ўзбекистонга қизиқишини тобора кучайтирмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида муваффақиятли бизнес юритиш учун яратилган қулай сармоявий муҳит, зарур шароит ва имтиёзлар хорижий ишбилармонларнинг Ўзбекистонга қизиқишини тобора кучайтирмоқда. 2015 йилда мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилинган жами инвестицияларнинг 21 фоиздан ортиғи хорижий сармоялардан иборат экани бунинг ёрқин исботидир. Зеро, ҳар қандай тадбиркор ўз сармоясини фақат тинчлик барқарор бўлган, истиқболли бизнес имкониятлари кафолатланган мамлакат иқтисодиётига киритади ва ҳамкорликни йўлга қўяди.Тошкент вилоятидаги “Hi-Tech Kabel” масъулияти чекланган жамияти фаолияти бунга мисол бўла олади.
Ўзбекистон ва Хитой ишбилармонлари ҳамкорлигининг амалий натижаси бўлган ушбу қўшма корхона 2006 йилда ўз фаолиятини бошлаган. Бугунги кунда бу ерда паст ва юқори кучланишли электр тармоқлари учун ишлатиладиган турли кабель-симлар, жумладан, оптик толали, назорат кабеллари, ўтказгичлар ишлаб чиқарилмоқда.
Иқтисодиётимизга чет эл инвестицияларини жалб этиш нафақат хорижий шериклар билан ҳамкорликда янги лойиҳаларни амалга ошириш, айни пайтда ишлаб чиқаришга замонавий техника ва технологиялар, ноу-хауларни жорий этишга хизмат қилмоқда.
“Hi-Tech Kabel” қўшма корхонасида маҳсулот ишлаб чиқаришда “Rosendahl” (Австрия), “Troester” (Германия), “High-Volt” (Германия), “Samp” (Италия), “Nokia” (Финляндия), “Caballe” (Испания), “Well Gain Cable Systems” (Хитой) каби нуфузли компанияларнинг юқори технологияли ускуналаридан фойдаланилади. Ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши ва маҳсулот турининг кўпайиши қўшимча иш ўринлари яратиш ва экспортни кенгайтириш имконини бермоқда. Айни пайтда корхона маҳсулотлари мамлакатимиз ички бозори билан бирга қатор давлатлардаги буюртмачиларга етказиб берилмоқда.
2015 йилда корхонада 45 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Жорий йилда бу кўрсаткични 50 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган. Маҳсулотлар юқори сифати, халқаро талабларга тўла жавоб бериши билан ажралиб туради. Улар барча зарур сертификатларга эга, сифат менежменти тизимининг ISO 9001:2000 халқаро стандартига мос.
– Президентимиз раҳнамолигида хорижий сармоядорлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма корхоналарнинг самарали фаолият юритиши учун беқиёс имкониятлар яратилгани биз, ишбилармонларни янги марралар сари руҳлантирмоқда, – дейди “Hi-Tech Kabel” масъулияти чекланган жамияти тижорат директори Азизжон Усмонов. – Жамоамиз келгусида нафақат Ўзбекистонда, балки минтақамизда ишлаб чиқарилиши ҳали йўлга қўйилмаган янги турдаги кабелларни тайёрлашни ўзлаштиришни мақсад қилган.
“Hi-Tech Kabel” қўшма корхонасида тўрт юздан зиёд малакали мутахассис меҳнат қилади. Улар учун барча зарур меҳнат ва дам олиш шароити яратилган.
– Тошкент алоқа касб-ҳунар коллежини тамомлаб, мазкур корхонага ишга жойлашдим, – дейди Дилафруз Дўстметова. – Мана, икки йилдирки, таъминот бўлимида экспедитор бўлиб ишлаяпман. Келгусида Тошкент ахборот технологиялари университетида таълим олиб, етук мутахассис бўлиб етишиш ва корхонамиз фаолияти янада ривожланишига ҳисса қўшиш ниятидаман.
Корхона юртимизда ҳамда турли мамлакатларда ўтказиладиган нуфузли кўргазмаларда фаол қатнашиб, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп кабель маҳсулотлари билан саноатимизнинг юксак салоҳиятини намойиш этиб келмоқда.