Уч юзга яқин ёш мутахассис ишли бўлди
Мамлакатимизда ёшларнинг замонавий билим олиши билан бирга уларни келгусида муносиб иш ўринлари билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда ёшларнинг замонавий билим олиши билан бирга уларни келгусида муносиб иш ўринлари билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.Жиззах политехника институтида ўказилган “Карьера куни – 2017” тадбири ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Ташкилот, корхона, муассаса ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари, институт профессор-ўқитувчилари, битирувчи талабалар иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида малакали ёш мутахассислар тайёрлаш ва уларни иш билан таъминлашга қаратилаётган доимий эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Жиззах политехника институтини жорий йилда 20 таълим йўналиши бўйича мингдан зиёд ёш тамомлайди. Институтни битириб чиқаётган муҳандис-механик, муҳандис-қурувчи, муҳандис-технолог каби мутахассисларга мамлакатимиз корхоналарида талаб юқори.
Вилоятдаги 61 йирик корхона 500 дан зиёд бўш иш ўрни билан иштирок этган тадбирда биргина “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси томонидан 300 дан ортиқ иш ўрни таклиф қилинди.
– “Карьера куни” тадбирида Жиззах шаҳридаги “Европластсервис” масъулияти чекланган жамияти билан меҳнат шартномаси имзоладим, – дейди институт битирувчиси Ғайрат Равшанов. – Замонавий технологиялар асосида ишлайдиган корхонада ишчиларнинг унумли меҳнат қилиши, мароқли дам олиши учун зарур шароитлар яратилгани менга маъқул бўлди. Шундай корхонада ишлаш менинг орзуим эди.
Тадбирда 300 га яқин ёш мутахассис саноат, қурилиш, ижтимоий соҳа ва тадбиркорлик субъектлари билан меҳнат шартномалари имзолади.