ЎзА Ўзбек

05.02.2019 17:47 Чоп этиш версияси

Туяқуш боқиш оила учун даромадли

Туяқуш боқиш оила учун даромадли

Паррандачиликда туяқуш боқиш янги йўналишлардан бири бўлиб, бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ривожланиб бормоқда. Фарғона вилояти Риштон туманидаги “STRAUS FARM” Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонасида ҳам маҳаллий шароитда туяқуш боқиш борасида яхши тажриба шаклланган.

2016 йилда хориждан 200 бош Африка туяқуши келтирилиб, замонавий инкубаторлар ташкил этилди ҳамда туяқуш жўжаларини очириш йўлга қўйилди. Бугунги кунда мамлакатимизда ўз тадбиркорлигини бошлаётган ҳамюртларимизнинг 85-90 фоизига мазкур қўшма корхона томонидан туяқуш жўжалари етказиб берилмоқда.

– Айни пайтда республикамизнинг барча ҳудудларида туяқуш боқишга қизиқиш тобора ортиб бормоқда, – дейди қўшма корхона таъсисчиси Мамасобир Ҳожиаҳмедов. – Буюртма асосида яқинда хориждан 5-15 кунлик бўлган 2 минг 100 та туяқуш жўжалари олиб келиняпти. Туяқуш жўжалари бир муддат корхонамизда маҳаллий шароитга мослаштирилади ва харидорларга етказиб берилади.

Вилоят ҳокимлиги қарори билан эса қўшма корхона озуқа базасини яратиш учун 45 гектар ер ажратилди. Шу тариқа ушбу экин майдонларида беда, соя, маккажўхори етиштирилмоқда. Эътибор ва рағбатдан мамнун тадбиркор тухумдан жўжа очириш, туяқушни тўлиқ маҳаллий шароитга мослаштириш, инкубаторий ва лаборатория фаолиятини замонавий мезонлар асосида ривожлантириш, хомашёни қайта ишлаш сингари фаолият турларини кенгайтириб бормоқда.

– Мамлакатимизда Қора Африка страуслари боқилмоқда, парранданинг бу тури 50 йил яшайди ва камида 30-35 йил тухум беради, – дейди қўшма корхона иш юритувчиси Ҳасанбой Аҳмаджонов. – Бир ойда битта туяқуш 10-15 та тухум қўяди. Лаборатория шароитида барча тухумларини очириш мумкин. Инкубаторий шароитида 40, туяқуш ўзи босиб ётганида 60 кунда жўжа тухумни ёриб чиқади. Атиги икки ҳафтада маҳаллий шароитга мослашади. Туяқуш боқишни йўлга қўйиш оилалар учун ҳам қулай, ҳам даромадли бизнеслардан биридир.

Жаҳон бозорида талаб ва таклиф юқори эканлигини инобатга олиб, корхона жамоаси экспорт фаолиятини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратмоқда. Ҳозирда қўшма корхона томонидан оёқ кийимлар, аёллар ва ишчи-хизматчилар сумкалари, жилд-ғилофлар каби 10 турдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Замонавий техника ва технологиялар сотиб олинди.

Риштон тумани Боғистон мавзесида жойлашган қўшма корхона жамоаси экотуризмни ривожлантириш бўйича ҳам чора-тадбирлар режасини белгиламоқда. Туризм яна бир қўшимча даромад манбаи сифатида туяқуш бизнесининг эртанги кун истиқболини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

М.Сулаймонов, ЎзА​​
4 366