ЎзА Ўзбек

02.02.2019 09:01 Чоп этиш версияси

Тухумдан ташқари барча асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари ўсди

Тухумдан ташқари барча асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари ўсди

Ўзбeкистон Рeспубликаси Давлат статистика қўмитаси 2019 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси истеъмол секторидаги инфляция даражасини эълон қилди.

Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан нархларининг ўсиши борасидаги етакчилик мева-сабзавот маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади. Бу эса нархларнинг ой давомида ўртача 8,3 фоизга қимматлашганини кўрсатади.

Нархларининг кўтарилишидаги кейинги етакчи ўринни эса спиртли ичимликлар маҳсулотлари (3,7 фоиз) эгаллаган.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида»ги ПҚ-4086-сон қарорига асосан, мамлакатда ишлаб чиқарилувчи спиртли ичимликларга нисбатан аксиз солиқ ставкалари оширилди: 

• табиий вино – 1 дал учун 6 994 сўмдан 7 700 сўмгача; 

• коняк – 1 дал учун 73 997 сўмдан 92 500 сўмгача; 

• пиво – 1 дал учун 7 699 сўмдан 9 200 сўмгача; 

• ароқ ва бошқа спиртли ичимликлар – 1 дал учун 67 571 сўмдан 84 500 сўмгача. 

Қуйида алоҳида гуруҳлар бўйича озиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмол нархлари индекси тақдим этилган:

Снимок.JPG

Бироқ, ҳар бир товарлар гуруҳининг салмоқ вазнларини инобатга олган ҳолда умумий ИНИ кўрсаткичига таъсир даражаси бўйича етакчи учликни мева ва сабзавотлар (таъсири 0,7 ф.д.), нон маҳсулотлари (0,2 ф.д.) ҳамда сут маҳсулотлари (0,1 ф.д.) эгаллаган. 

2018 йилнинг январь ойига нисбатан тухумдан ташқари деярли барча асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳларида нархлар ўсиши қайд этилган.

2019 йил январь ойида ҳам асосий турдаги нон маҳсулотлари нархлари қимматлашишда давом этди: 

• ун, нон ва нон маҳсулотлари, гуруч, ёрма ва дуккакли маҳсулотлар нархлари ой давомида 0,2 % дан 3,7 % оралиғида қимматлашди.

Маълумот учун: гуруч нархлари январь ойида сезиларли даражада Фарғона вилояти (4,7 %) ва Қорақалпоғистон Республикасида (4,5 %), минимал даражада эса Наманган вилоятида (1,1 %) ошган. 

Ой давомида буғдой уни нархлари Қорақалпоғистон Республикаси (6,9 %) ва Сурхондарё вилоятида (5,5 %) сезиларли даражада қимматлашганлиги кузатилган бўлса, минимал суръатда ошганлиги эса Хоразм вилоятида қайд этилган (0,6 %). Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидаги нархлар ой давомида ўзгаришсиз қолган. 

Олий навли буғдой унидан нон нархлари уч ҳудудда ошган: булар, Қорақалпоғистон Республикаси (13,3 %), Сурхондарё вилояти (9,6 %) ва Тошкент шаҳрида (13,1 %). 1-навли буғдой унидан нон нархлари Қорақалпоғистон Республикасида (1,2 %), Сурхондарё (6,6 %) ва Фарғона (5,0 %) вилоятларида қимматлашган.

ЎзА
5 717