ЎзА Ўзбек

21.08.2015 19:24 Чоп этиш версияси

Транспорт тармоғи ривожланмоқда

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги томонидан мустақиллик йилларида соҳада эришилган ютуқларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги автотранспорт соҳасига оид давлат сиёсатини изчил амалга ошираётгани, хизмат кўрсатиш бозорини шакллантириш ва ривожлантириш, шунингдек, автомобиль ва дарё транспортида ташиш хавфсизлигини таъминлаш ишларини босқичма-босқич бажараётгани таъкидланди. Президентимизнинг 2001 йил 4 июндаги “Автомобиль транспорти соҳасида монополиядан чиқариш ва бошқарувни такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим омил бщлиб хизмат қилмоқда.

– Бугунги кунда йўловчи ва юк ташиш билан шуғулланадиган автокорхоналар сони қарийб беш мингтага етди, – дейди Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг ахборот-таҳлил бўлими бош мутахассиси Абдужалил Шокиров. – 1990 йилда улар атиги 265 та эди. Шунингдек, мустақиллик йилларида юк айланмаси ҳажми 5,3 баробар ошди.

Айни пайтда мамлакатимизда 4344, жумладан, 1013 шаҳар, 2691 шаҳар атрофи ва 640 шаҳарлараро йўловчи ташиш йўналиши фаолият юритмоқда. Аҳолига хизмат кўрсатадиган транспорт воситаларини янгилаш бўйича доимий ишлар амалга оширилмоқда. Шу йилнинг биринчи ярмида ташувчилар томонидан Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилган “Исузу” русумли 175 автобус лизинг асосида ва банк кредитлари эвазига харид қилинди. Бундан ташқари, тижорат мақсадида 247 юк автомобили, 62 микроавтобус ва 322 енгил автомобиль сотиб олинди. Жорий йилнинг биринчи ярмида автотранспорт тармоғига йўналтирилган инвестициялар умумий ҳажми 77,6 миллиард сўмни ташкил қилди.

Юртимиз автоташувчилари хорижий давлатлар ҳудудлари бўйлаб ташишларни амалга ошириши, шунингдек, улар учун ҳуқуқий асос яратиш мақсадида Ўзбекистон автомобилда ташишлар соҳасидаги 9 халқаро конвенцияга қўшилди ва иккита халқаро битимни имзолади. Бунинг самарасида 320 дан ортиқ ташувчи халқаро ташишларни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тегишли лицензияга эга бўлди.

Агентлик автомобиль транспорти бозорида бозор муносабатлари ва рақобат муҳитини ривожлантириш учун шароитлар яратиш билан бир қаторда, шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва вилоятлараро йўловчи йўналишларини тақсимлаш бўйича очиқ тендерларни муваффақиятли ўтказмоқда.

Матбуот анжуманида мутахассислар журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

Ирина Доленко, ЎзА
5 892