ЎзА Ўзбек

13.07.2018 17:42 Чоп этиш версияси

Тожикистонлик тадбиркорлар кўргазмаси

Тожикистонлик тадбиркорлар кўргазмаси Термизда Тожикистон Республикаси Хатлон вилояти товар ишлаб чиқарувчиларининг кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.

Тадбирнинг очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Р.Чориев, Хатлон вилояти раиси биринчи ўринбосари Р.Ражабов ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари, айниқса, кейинги икки йилда ҳар томонлама жадал ривожланаётганини таъкидлади.

Президентимизнинг жорий йил 9-10 март кунлари Тожикистон Республикасига давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янги босқичга кўтарди. 

4.jpg

– Ушбу давлат ташрифидан сўнг Тожикистон Республикасининг Хатлон вилояти тадбиркорлари билан ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олдик, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Б.Мардаев. – Шунга мувофиқ, жорий йил 5-6 май кунлари Хатлон вилоятида сурхондарёлик товар ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулот ва хизматлари кўргазма-ярмаркаси ташкил этилган эди. Ўшанда Хатлон вилояти ишбилармонлари ва вилоятимиз тадбиркорларининг бизнес форуми ўтказилди. Икки томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми ва шартномалар имзоланди. Қўшни вилоят тадбиркорларининг мазкур кўргазма-ярмаркаси ҳам хатлонлик ва сурхондарёлик ишбилармонлар доирасининг ўзаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириб, савдо алоқаларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

15 июлга қадар давом этадиган кўргазма-ярмаркада Хатлон вилоятининг 40 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти енгил саноат, қурилиш материаллари, дори-дармон, чорвачилик, озиқ-овқат, ноозиқ-овқат маҳсулотларини намойиш қилмоқда, туризм ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳасидаги имкониятларини тақдим этаётир.

6.jpg

– Аҳолига пуллик тиббий хизмат кўрсатиш, шифобахш гиёҳ ва меваларни йиғиб, қайта ишлаш билан шуғулланамиз, – дейди Хатлон вилоятидаги “Ҳазориспанд” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Т.Олимов. – Кўргазмага саломатлик учун ғоят фойдали тут мевасидан тайёрланган шинни, қадоқланган тут қоқи, аччиқ бодом ёғи, баҳорий адонис, зирк каби ноёб шифобахш гиёҳларни олиб келдик. Маҳсулотларимиз иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотаётганидан хурсандмиз.

Тадбир доирасида икки вилоят тадбиркорлари ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан манфаатли шартномалар тузади. “Termez Cargo Centre” логистика марказида бўлиб ўтадиган бизнес форумда иштирок этади. Сурхондарё вилоятидаги замонавий корхоналарда бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишади. Воҳанинг тарихий обидалари ва муқаддас қадамжоларини зиёрат қилади.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
6 142