ЎзА Ўзбек

06.12.2018 11:22 Чоп этиш версияси

Товарларни маркировкалаш нима учун керак?

Товарларни маркировкалаш нима учун керак?

Қалбаки маҳсулот ясаш ҳам – аслида бир “ҳунар”. Фақат бу сўзни қўштирноқ ичида гапиришга мажбурсанки, бундай “ҳунарманд”нинг “маҳсулоти” ўзидан бошқага нафи йўқ.


Ўзбекистонда истеъмолчилар ҳуқуқлари, жумладан, ҳаёт ва соғлик учун хавфсиз бўлган мақбул сифатли маҳсулотларни сотиб олишда, шунингдек, товарлар ва уларнинг ишлаб чиқарувчилари тўғрисида тўғри маълумот олишда комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, ноқонуний айланаётган, паст сифатли, контрофакт ва қалбакилаштирилган маҳсулотлар ҳажмининг ошиши ҳам кузатилмоқда. Алоҳида турдаги товарларнинг республикага ноқонуний олиб кирилиши, ишлаб чиқарилиши ва сотилишининг олдини олиш, уларнинг самарали ҳисобини таъминлаш, шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Алоҳида турдаги товарларни маркировкалашнинг замонавий усулларини жорий этишга доир чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекилди. 

Қалбаки маҳсулот ясаш ҳам – аслида бир “ҳунар”. Фақат бу сўзни қўштирноқ ичида гапиришга мажбурсанки, бундай “ҳунарманд”нинг “маҳсулоти” ўзидан бошқага нафи йўқ. Аксинча, кони зарар ҳамма учун. Бозор деганлари шу каби маҳсулотга тўла бўлса, унинг асли билан қалбакисини фарқлай олмасанг, бундан ёмони йўқ. Ўзи, аслида ҳар қандай маҳсулот харидоргир бўлишга зор. У бозоргир бўлдими, тамом, қарабсизки, эртаси куни унинг қалбакиси ишшайиб бозорда турибди-да. У нимарса – маҳсулот, кийим-кечак эрса-ку, ҳўп гап - эгнингга иларсан-кетарсан, аммо қай гўрда ишлаб чиқарилганининг тайини бўлмаган маҳсулотинг – емак ва ёхуд дори-дармон бўлса-чи? Саломатлик масаласи хавф остида қолгани бир тараф, бу билан турфа солиқлар-у божлар, бир сўз билан давлат ғазнасини тўлдириши лозим бўлган маблағлар – “қулоғини ушлаб кетгани” бошқа бир тараф бўлмайдими? Ўзини билган, ривожланган давлатларда – бу ҳолатнинг олдини олиш ўз йўлига, билъакс, у билан курашилади ҳам. Энди биздаям шундай бўлади.

Шарҳимиз муқаддимасини рақамлардан бошласак. Бугунги кунда халқаро миқёсдаги умумий савдо ҳажмининг 7 фоизи ёки 1 триллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар қалбаки ҳисобланади. Ўз ўрнида, дунёдаги истеъмол қилинаётган алкоголь маҳсулотларининг 30 фоизи – қўлбола. Дори-дармонлар статистикаси ҳам жиддий хавотир уйғотади. Фармацевтикадаги жами ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 10 фоизи сохта препаратлардир. Ачинарлиси, сўнгги 5 йилда улар билан савдо қилиш 90 фоизга ошган. Қўлбола дори-дармонлар йилига 700 минг одамнинг умрига зомин бўлмоқда. 

Ҳозирги айтадиган маълумотларимиз ашаддий кашандаларни ҳушёр торттирмоғи лозим: қўлбола тамаки маҳсулотлари таркибидаги – қўрғошин нақ 6 марта, қатрон 160 фоизга, ва углерод оксиди 133 фоизга мўл. Айнан тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасидан жаҳон мамлакатлари бюджети 40 млрд. доллардан ортиқ маблағ йўқотади. Бу – жаҳон миқёсида. Ўзбекистонда ҳам рақамлар кичик эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Алоҳида турдаги товарларни маркировкалашнинг замонавий усулларини жорий этишга доир чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори истеъмол бозоридаги худди шу каби камчиликларни бартараф этишга қаратилган. Ҳужжатга кўра, 2019 йилнинг 1 августидан эътиборан мамлакатимизда товарлар тоифасидан келиб чиқиб, импорт қилинаётган ва республикада ишлаб чиқарилаётган товарларни ҳимояланган белги ва нано-молекуляр технологиядан фойдаланган ҳолда мажбурий маркировкалаш босқичма-босқич жорий этилади.

Қарор билан 47 номдаги – маркировкаланиши мажбурий бўлган товарлар гуруҳлари рўйхати тасдиқланди. Улар сафига – жумладан, идишларга қадоқланган сув, шарбатлар, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, спирт, ёқилғи, ўғитлар ва дори-дармонлар киради. Вазирлар Маҳкамасига – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишган ҳолда, кейинчалик маркировкаланиши мажбурий бўлган товарлар гуруҳлари рўйхатини тўлдириб боришга рухсат берилган. 

Икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига жарима санкциялари миқдорларини оширилишини киритган ҳолда товарларни маркировкасиз сотганлик учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси киритилади.

Давлат солиқ қўмитасига эса 2019 йилнинг 1 январига қадар товарларни ҳимояланган белги ва нано-молекуляр технологиядан фойдаланган ҳолда мажбурий маркировкалаш тартибини ишлаб чиқиш топширилди. 

Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига 2019 йилнинг 1 февралига қадар –маркировкалаш бўйича хизматлар етказиб берувчилари ўртасида танлов ўтказиб, унинг натижасида танлаб олинган – маркировкалаш оператори билан кўрсатиладиган хизматлар баҳосини қатъий белгилаган ҳолда 5 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга шартнома тузиш вазифаси юкланди. 

Товарларни маркировка қилиш тез муддатларда ўз самарасини беришига амин бўлиш учун жаҳон тажрибасига мурожаат қилмоқ керак бўлади. Масалан, уни жорий қилган Туркияда, биринчи йилнинг ўзидаёқ – тамаки ва алкоголь сотувидан тушган солиқлар миқдори 34 фоизга ошган, Малайзияда эса давлат бюджети 100 млн. доллардан ортиқ қўшимча тушумга эга бўлган. Ўзбекистон ҳам бу борада, бюджетга тушумлар ортишини хомчўт қилишида – ҳақиқат бор...

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, жаҳон миқёсида асосий гуруҳдаги товарларни маркировка қилишда хизматлар нархи – 1000 бирликдаги маҳсулот учун – 5 евродан 25 еврогача бўлган миқдорда баҳоланган. Бизда эса, бу тартиб амалиётга киритилгач, мингта эмас, балки битта маҳсулот учун бу хизмат – 50 сўмдан 240 сўмгача тушиши мумкин. 

Аммо бир жиҳатдан ютишимиз аниқ: буям бўлса, истеъмолчи сифатида, сифатли маҳсулот сотиб олишимиздаги кафолат аниқ бўлади. Ахир бу гаплар ортида – ўзимизнинг, яқинларимизнинг тиллага тенг соғлиғи, деган гап ётибди. Бундан ташқари, бу каби маҳсулотлар сотувидан ғазнага тушадиган пулнинг чўғи ҳам ҳозиргидан кўра 25 фоизга ортади. Бу жиҳатнинг аҳамиятини эса ортиқча таърифлаш шарт эмасдир. Хулоса сифатида эса, адабий ибора билан айтганда, “Асилга ишониш, сохтадан тониш” ҳеч кимнинг қадрини туширмаган, билъакс осмонларга кўтарган. Ҳар нарсанинг ҳам асили яхши-да...

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги
 Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази билан 
ҳамкорликда тайёрланди

ЎзА
2 818