Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.09.2017 11:48 Чоп этиш версияси

Товарларни алмаштириш ва ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан божхона тўловларидан қочмоқчи бўлганларнинг фириби иш бермади

Қозоғистон Республикаси фуқароси Р.Ниязбакиев бошқарувидаги “Iveco Magirus” русумли автоуловда ҳужжатлар бўйича Хитой давлатидан “Dorul Birr-Ltd” МЧЖ номига юборилган, 1466 ўринига, оғирлиги 26.148 кг, қиймати 99.900 АҚШ долларига тенг бўлган халқ эҳтиёжи моллари (пойафзал ва кийим-кечаклар) “Самарқанд” ТИФ божхона постига келтирилган, дея хабар беради Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси расмий сайти.

Бироқ, “Dorul Birr-Ltd” МЧЖнинг вакили божхона органига мурожаат қилиб, мазкур автотранспорт воситасига юкланган товар “пойафзал ва кийим-кечаклар” эмас, балки жут (жутдан тайёрланган калава ип) эканлиги, гуёки ушбу товарни Хитой давлатида юклаш вақтида хатоликка йўл қўйилганини таъкидлаган ва жут учун ҳужжатларни тақдим этиб, божхона ходимларини чалғитмоқчи бўлган.

Шундан сўнг, ташкилот ишончли вакили, автотранспорт воситаси ҳайдовчиси ва холислар иштирокида автотранспорт воситаси божхона кўригидан ўтказилганда унда ҳақиқатдан ҳам пойафзал ва кийим-кечаклар эмас, балки 26.203 кг жут борлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат божхона ходимларида шубҳа уйғотгани боис тақдим этилган ҳужжатлар ўрганилганида, уларда чалкашликлар мавжудлиги, яъни, автотранспорт воситаси бошқа давлатлар божхона чегараларидан ўтганда юк “Пойафзал ва кийим-кечаклар” сифатида рўйхатга олинганлиги маълум бўлди.

Шундан сўнг мазкур автотранспорт воситаси Хадича Сулаймонова номидаги суд экспертиза марказининг Самарқанд вилояти бўлими экспертлари томонидан экспертизадан ўтказилди. Экспертиза хулосасига кўра автотранспорт юкхонасининг тросслари шикастланганлиги, бунинг оқибатида божхона пломбасини бузмаган ҳолда юкхонани тўлиқ очиш ва юкларни тушириш имкони бўлгани маълум қилинган.

Бундан кўриниб турибдики, юк эгалари томонидан автотранспорт воситасининг юкхонаси уддабуронлик билан очилиб, унга ҳақиқатда юкланган “пойафзал ва кийим-кечаклар” тушириб олинган ва унинг ўрнига божхона тўловлари кам бўлган жут юклаб қўйилган.

Олиб борилган ҳисоб-китоблардан маълум бўлдики, автотранспорт юкхонасида мавжуд бўлган жут учун божхона тўловлари 34.2 миллион сўмни ташкил этди. Агар, шунча миқдордаги пойафзал ва кийим-кечак учун божхона тўловлари ҳисобланганида бу 748,4 миллион сўмни ташкил этар эди. Ўртадаги фарқ – 714,2 миллион сўм. Яъни, товарларни алмаштириш ва ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан катта миқдордаги божхона тўловларидан қочишга ҳаракат қилингани кўриниб турибди.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 182-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

1 333






Все о погоде - Pogoda.uz