Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.10.2017 17:42 Чоп этиш версияси

Тошкентда яна битта кичик саноат зонаси ташкил этилади

Пойтахтимиздаги «AOKS Plus Business» масъулияти чекланган жамияти ҳудудида яна бир кичик саноат зонаси фаолияти йўлга қўйилади. Умумий майдони 5,1 гектарни ташкил қиладиган мазкур ҳудудга Учтепа кичик саноат зонаси номи берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 октябрдаги «Тошкент шаҳар Учтепа туманида кичик саноат зонасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорида келтирилган.

Ҳужжатга мувофиқ, Тошкент шаҳар туманлараро иқтисодий судининг қарори билан Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, Чилонзор-26 мавзе, 36-уй манзилида жойлашган «AOKS Plus Business» МЧЖ (собиқ «Сигнал» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси) бино ва иншоотлари Тошкент шаҳар ҳокимлигига берилади.

Пойтахт ҳокимлиги бир ой муддатда Учтепа кичик саноат зонаси дирекциясини ташкил этиб, унга юқори малакали мутахассисларни жалб этиши лозим. Бундан ташқари, икки ой мобайнида ҳокимлик манфаатдор тижорат банклари билан биргаликда янги саноат зонаси ҳудудидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиши зарур.

Ҳозирги пайтда Тошкент шаҳрида Юнусобод, Сергели ва Яккасарой туманларидаги фойдаланилмаётган корхоналар негизида ташкил этилган кичик саноат зоналари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Уларнинг ҳудудида тўқимачилик, кимё, озиқ-овқат, электротехника маҳсулотлари, мебель, замонавий қурилиш материаллари ҳамда ички ва ташқи бозорда харидоргир бўлган бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи 513 кичик корхона фаолият кўрсатмоқда.

2016 йилда мазкур корхоналар томонидан 1,1 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган, 140 миллион доллардан ортиқ қийматдаги товарлар экспорт қилинган, 11 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 18 майдаги «Тошкент шаҳрида кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Мирзо Улуғбек, Олмазор, Миробод, Чилонзор ҳамда Бектемир кичик саноат зоналари ташкил этилиши белгиланди.

Кичик саноат зоналари ҳудудидаги ишлаб чиқариш майдонлари ва ер участкалари тадбиркорлик субъектларига 10 йилга ижарага берилади. Лойиҳаларнинг ўз вақтида бажарилиши, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг вақтида тўланиши сингари талабларга қатъий риоя этган тадбиркорлик субъектларига ушбу муддат янада узайтирилиши билан бирга ижара тўловида ҳам қатор имтиёзлар тақдим этилади.

Таъкидлаш керакки, кичик саноат зоналарида тадбиркорлик субъектларига зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Кичик саноат зоналари иштирокчиларига давлат хизматлари мазкур ҳудудларда ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ягона марказлар томонидан кўрсатилади. Тадбиркорларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишда кўмаклашиш мақсадида кичик саноат зоналари ҳудудида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ваколатхоналари ташкил этилади.

Кичик саноат зоналаридаги тадбиркорлик субъектларининг электр энергияси, табиий газ ва бошқа турдаги коммунал хизматлар билан узлуксиз таъминланишида «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти, «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги раҳбарлари шахсан жавобгарлиги кўзда тутилган.

Мухтасар айтганда, ташкил этилаётган Учтепа кичик саноат зонаси тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг яна бир амалий ифодаси бўлиб хизмат қилади.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
1 834






Все о погоде - Pogoda.uz