Тошкентда пластик карталар ишлаб чиқариладиган завод қурилади
"Ягона умумреспублика процессинг маркази" МЧЖ ҚК ва Германиянинг "Veridos GmbH" компанияси ҳамкорликда микропроцессор, контактсиз ва бошқа турдаги пластик карталарни ишлаб чиқариш тўғрисида келишувга эришди.
"Ягона умумреспублика процессинг маркази" МЧЖ ҚК ва Германиянинг "Veridos GmbH" компанияси ҳамкорликда микропроцессор, контактсиз ва бошқа турдаги пластик карталарни ишлаб чиқариш тўғрисида келишувга эришди.
Шу тариқа яқин бир-икки йилда Тошкент шаҳрида пластик карталар ишлаб чиқарадиган завод барпо этилади. Ўзбекистонда ягона бўладиган бу заводнинг бошланғич устав фонди 2 миллион евро миқдорида белгиланди.
Бу жараёнда "Veridos GmbH" компаниясининг шахсий маблағлари ва кредит линияси орқали харид қилинадиган дунёдаги етакчи ишлаб чиқарувчиларнинг юқори аниқликдаги ускуналаридан фойдаланилади. Дастлаб йилига 75 миллион дона пластик карточкаларини чиқариш имкони бўлади. Завод 2022 йилда тўлиқ лойиҳа қувватига ўтади ва камида 100 мутахассис ишли бўлади. Маҳсулотнинг 20 фоизгача бўлган қисмини экспорт қилиш мумкин.
Бу ташаббус давлат томонидан ҳам қўллаб-қуватланмоқда. Яъни, завод 2021 йил 1 июлгача ишлаб чиқариш учун зарур ускуналар, хомашё, бутловчи материаллар, эҳтиёт қисмлар, график ва электрон персоналлаштириш, дастурий таъминот мосламалари, лицензияларни олиб киришда барча турдаги солиқлар, мажбурий ва божхона тўловларидан озод этилади. Ягона ижтимоий тўлов ва божхона расмийлаштирилиши учун йиғимлар бундан мустасно.