ЎзА Ўзбек

02.04.2018 19:06 Чоп этиш версияси

Тошкентда озиқ-овқат саноати кўргазмаси очилади

Тошкентда озиқ-овқат саноати кўргазмаси очилади Жорий йил 4-6 апрель кунлари “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида озиқ-овқат саноати соҳасига ихтисослашган “WorldFood Uzbekistan – 2018” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади.

Ўн саккизинчи бор ташкил этилаётган кўргазмада 26 давлатдан 200 га яқин компания иштирок этиши кутилмоқда. Улар орасида илк бор Беларусь Республикаси саноатчилари ҳам қатнашади. Бу ҳақда кўргазмаолди матбуот анжуманида маълум қилинди.

– Бу йил кўргазма иш дастури жуда қизиқарли ва кенг қамровли бўлиши кутилмоқда, – дейди “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси бош директори ўринбосари Ойимхон Бобожонова. – Кўргазма аввалида озиқ-овқат маҳсулотларини сифатлаш – “Сифат устаси” танлови ўтказилади. Унда озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари сифати ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади ва ғолиблар турли номинациялар бўйича тақдирланади.

Кўргазма доирасида Ўзбекистон – Беларусь саноатчилари халқаро форуми ўтказилиши белгиланган. Унда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари озиқ-овқат саноати бўйича ўзаро тажриба алмашади, савдо алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилади. Халқаро тадбирда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, уларни сақлаш, қайта ишлаш соҳасидаги янги технологиялар намойиш этилади.

Яна бир янгилик – Ўзбекистонда илк бор “Ритейл марказ” ўз ишини бошлайди. Бу марказ озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилари ва савдо тармоқлари ўртасида маҳсулот етказиб бериш бўйича бевосита музокаралар майдони вазифасини ўтайди.

“WorldFood Uzbekistan – 2018” халқаро кўргазмаси Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси, “Ўзшаробсаноат” АЖ, Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилади.

Улуғбек Асроров, ЎзА
9 341