Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.10.2017 18:06 Чоп этиш версияси

Тошкентда «Open HR Business Forum – 2017» деб номланган халқаро бизнес-тадбир бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси кўмагида ташкил этилган мазкур тадбир «Ҳамкорлик, ривожланиш, муваффақият» ғояси остида бизнес соҳаси мутахассислари, иқтисодчилар, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, тадбиркорлар ва ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган ёшларни бирлаштирди. Унда мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитининг янги даври, унинг меъёрий-ҳуқуқий асослари, тадбиркорлик субъектлари учун мавжуд имкониятлар ва бизнесни янада ривожлантириш стратегиялари муҳокама қилинди.

Тадбирда давлат бошқаруви органлари вакиллари, маҳаллий ва хорижлик экспертлар тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг янги услублари, меҳнат ресурсларини бошқаришнинг замонавий технологиялари ҳақида маълумотлар тақдим этди, бизнесни ташкил этиш ва уни бошқариш борасида тажриба алмашилди.

– Тадбирнинг асосий мақсади мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ёшларимизга етказиш, соҳада мавжуд имкониятлар ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот бериш, хусусий сектор вакиллари, ишбилармонлар билан давлат ҳокимияти ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга кўмаклашишдан иборат, – дейди Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси бошқарма бошлиғи Фаррух Омонов. – Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари сафи йил сайин кенгайиб, улар иқтисодиётимиз юксалишига муносиб ҳисса қўшмоқда. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлар қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Барча туман ва шаҳарларда Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари ташкил этилиб, тадбиркорлар ва соҳага қизиқиш билдирган фуқаролар, хусусан, ёшларимизга малакали хизматлар кўрсатилмоқда.

Тадбирда ёшларни мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш, олий таълим муассасалари битирувчиларининг «йўл харитаси»ни шакллантириш, иш амалиёти дастурлари каби масалалар муҳокама этилди. Етакчи ишбилармонлар билан ёш тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорлик йўлга қўйилди, тажриба алмашилди.

Улуғбек Асроров, ЎзА
3 113






Все о погоде - Pogoda.uz