ЎзА Ўзбек

27.07.2020 Чоп этиш версияси

Тошкентда бугундан «Фолксваген» автомобиллари савдоси бошланади

Тошкентда бугундан «Фолксваген» автомобиллари савдоси бошланади

Бугун Тошкентда «Фолксваген Кедди» автомобиллари онлайн тақдимоти ўтказилди.

Маълумки, Ўзбекистонда «Фолксваген» автомобилларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ташаббуси Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил январь ойида Германияга расмий ташрифи чоғида илгари сурилган эди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 июндаги “Ўзбекистон Республикасида «Фолксваген» енгил тижорат автомобиллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан эса «Жиззах автомобиль заводи» МЧЖ негизида «Фолксваген» компанияси томонидан таклиф этилаётган концепция маъқулланди. Концепцияда дастлаб 2020-2021 йилларда бозорни ўрганиш ҳамда маркетинг таҳлилини ўтказиш мақсадида «Фолксваген» ва «Шкода» маркаларидаги тайёр автомобилларни етказиб беришни ташкил қилиш кўзда тутилган. Иккинчи босқичда эса 2022 йилдан бошлаб енгил тижорат автомобилларининг замонавий моделларини ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклини ўзлаштириш белгиланган.

Тақдимотда «Ўзавтосаноат» АЖ бошқаруви раиси Шавкат Умрзоқов ниҳоят «Ўзавтосаноат» ва «Фолксваген» компаниялари ўртасида келишув имзолангани автомобиль бозоримизнинг катта салоҳияти ва мамлакатимизда қулай инвестицион муҳит яратилаётганидан дарак беришини таъкидлади. Шунингдек, бу ҳамкорлик мамлакатимизда ишлаб чиқариш маданиятини оширишга, сифат, сотув ва сотувдан кейинги хизмат кўрсатиш тизимини янги босқичга кўтаришга имкон беришини айтди.

Таъкидланишича, лойиҳанинг илк босқичида автомобиль бозорида ҳали тўлиқ ўзлаштирилмаган енгил тижорат автомобиллари сегменти ажратиб олинган. Ушбу модель йўловчи ва юк ташиш учун мўлжалланган модификацияларда тақдим қилинмоқда. Улар нафақат бизнес, балки оилавий фойдаланиш учун ҳам қулай. Мавжуд талабни ҳисобга олган ҳолда, ушбу моделлар орқали фақатгина ўзлаштирилмаган сегментни эгаллабгина қолмай, балки харидорларга тез тиббий ёрдам машиналари, мобил музлатгичлар, инкассация ва бошқа турдаги махсус транспорт воситаларини етказиб бериш имконияти ҳам бўлади.

Тақдимот доирасида Ўзбекистондаги биринчи расмий дилерлик маркази – “TASHKENT AUTOCENTRE” ҳақида маълумот берилди.

– Ушбу дилерлик маркази «Фолксваген» компаниясининг глобал стандартларига мувофиқ қурилган ва жиҳозланган, – деди «Жиззах Авто» МЧЖ бош директори Ойбек Аюбов. – Мижозларга юқори даражадаги хизмат кўрсатишни таъминлаш учун бу ерда барча қулайликлар мавжуд. Тез орада яна учта дилерлик марказларини Тошкент, Қўқон ва Жиззах шаҳарларида очиш режалаштирилган.

Мутахассиснинг фикрича, «Кедди» моделининг турли кўринишлари кичик ва ўрта бизнес вакиллари, шунингдек, салон кенглиги муҳим бўлган автоҳаваскорлар, масалан, катта оилалар орасида жуда машҳур. Бу юк ташиш версиясидаги машина, аммо шунга қарамай, у қулай, амалий ички қисмга эга.

Автомобилнинг бошланғич нархи 172,1 миллион сўмдан бошланади. Автомобиль уч кўринишда таклиф қилинмоқда Cargo (юк учун) – 172,1 миллион сўм, Kombi (аралаш) – 190 миллион сўм, Trendline (йўловчи учун) – 221,9 миллион сўм.

Савдолар бугун куннинг иккинчи ярмидан бошланади. Ҳозирча автомобилларни фақат Тошкент шаҳридаги “Volkswagen” автосалонидан ва компания сайтидан сотиб олиш мумкин.

Маълумот ўрнида, «Кедди» 7 ўриндиқли (5-ўриндиқли кўриниши ҳам мавжуд) йўловчи ва юк минивени. Автомобиль ҳам бизнес юритишга, ҳам оилавий фойдаланиш учун тўғри келади. Тежамкор ва технологик (MPI) двигатель 1,6 литр қувватга эга, бензинда ишлайди. Ёқилғи сарфи – шаҳарда 100 километрга 9,3 литр, трассада 100 километрга 6,1 литр.

12 907
Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА