Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.12.2017 14:05 Чоп этиш версияси

Тошкент вилоятида сноубординг, параплан ва дельтапланда учиш, велоспорт, мотоспорт, экстремал спорт турлари ва экологик туризм ривожлантирилади

Мамлакатимизда туризм индустриясини янада ривожлантириш, хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини юксалтириш, юртимизга келаётган хорижлик сайёҳлар оқимини кўпайтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Тошкент вилоятида туризм, айниқса, сноубординг, параплан ва дельтапланда учиш, велоспорт, мотоспорт, экстремал спорт турлари, экологик туризмни ривожлантириш учун табиий шароит ва имкониятлар мавжуд.

Вилоятдаги маҳаллий ва хорижий туристларга хизмат кўрсатувчи 120 корхона кунига 2 минг 440 сайёҳга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Бундан ташқари, ҳудудда 45 меҳмонхона, 71 санаторий ва дам олиш маскани мавжуд. Жорий йилда вилоятга келган сайёҳларга хизмат кўрсатиш ҳажми қарийб 72,6 миллиард сўмни ташкил этган ёки ўтган йилга нисбатан 106 фоизга ўсган. Туризм хизматлари экспортнинг 44,6 миллион долларини ташкил этади.

– Юртимиз бой маданий-маънавий мероси, шарқона турмуш тарзини ўзида акс эттирувчи урф-одату анъаналар, халқимизнинг меҳмондўстлик фазилатлари, сўлим гўшалари ва кўплаб муқаддас қадамжолари билан дунё сайёҳларини ўзига жалб этади, – дейди Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги туризмни ривожлантириш масалалари бўйича котибият мудири Ж.Машрапов. – Вилоятда айниқса, зиёрат ва гастрономик туризм ривожланган бўлиб, сайёҳларнинг аксарият қисми Бўстонлиқ туманида жойлашган Ансорий бобо, Шайх Умар Вали, Икром ота, Паркент туманидаги Бобомочин, Саид ота ва Сузук ота каби ёдгорлик қадамжоларини зиёрат қилиш учун келади.

Вилоят юқори экотуризм салоҳияти, улкан тоғ тизмалари, ноёб ҳайвонот ва наботот дунёси, қулай иқлими билан ажралиб туради. Биргина 574,6 минг гектар майдонни эгаллаган “Угом-Чотқол” миллий боғида 230 турдаги ҳайвон, 1 минг 800 ўсимлик тури, 4 табиий кўл (Урунгач, Бодак, Шовури, Ихнож) мавжуд. Шунингдек, Чотқол биосфера қўриқхонаси ва кўплаб ўрмон хўжаликлари фаолият юритади.

Жорий йилнинг октябрь ойида пойтахтимизда ўтказилган “Ипак йўлида туризм” 23-Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида юзлаб хорижий меҳмонларга юртимизда ташкил этилган маданий-тарихий, экологик саёҳатлар, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси, соғломлаштириш, гастрономик туризм каби барча замонавий йўналишлар намойиш этилди.

Тошкент вилоятининг тоғли қишлоқларида яшайдиган аҳоли хонадонларида сайёҳлар учун ташкил этилган “Меҳмон уйлари” ярмарка иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Замонавий андозалар асосида яратиладиган “Меҳмон уйлари”ни Бўстонлиқ, Паркент ва Оҳангарон-Ангрен туристик кластерларидаги 162 аҳоли хонадонида ташкил этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш мақсадида миллий урф-одатлар, тўй маросимлари, кўнгилочар тадбирлар ўтказиш, табиатнинг сўлим гўшалари, хушманзара тоғ ёнбағирларига саёҳатлар ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 5 декабрдаги “Чорвоқ” эркин туристик зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони Тошкент вилоятининг туристик салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ривожлантириш ва янги туристик йўналишларни шакллантирган ҳолда, замонавий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш йўли билан янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадлари ўсишини таъминлашни кўзда тутади.

– Миллий туризм маҳсулотлари ва брендларини халқаро туризм бозорида фаол тарғибот қилишга қаратилган бундай саъй-ҳаракатлар бежиз эмас, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Тошкент вилояти бўйича ваколатли вакили М.Исмоилов. – Ташкил этилаётган “Чорвоқ” эркин туристик зонаси Ўзбекистонда дастлабкиси бўлгани туфайли ўзига хос инновация характерига эга. Унинг фаолият кўрсатиш муддати кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йил этиб белгилангани зона иштирокчилари сифатида рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтириш, божхона ва солиқлар бўйича имтиёз ва преференциялар яратилишига имкон беради. Ҳудуднинг экомуҳити имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, транспорт воситалари арзонлигини таъминлаш мақсадида ҳудудда поезд, электропоезд ва автобуслар ҳаракати йўлга қўйилади. Келгусида Тошкент – Чимён-Чорвоқ курорт-рекреация зонаси йўналиши бўйича йўловчи ташиш тизимини кенгайтириш, уларнинг тўхтовсиз ҳаракатини таъминлаш режалаштирилган.

Муқобил ва қайта тикланадиган манбаларни қўллаган ҳолда янги замонавий энергия тежовчи тизим ва технологияларни синов тариқасида жорий қилиш асосида ўзига хос экологик тизим яратишга алоҳида этибор қаратилади.

Фармонда ваколатли вазирлик ва идораларга эркин туристик зона ҳудудида хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини муассасалари, уларнинг замонавий жиҳозлар ва юқори малакали кадрлар билан таъминланганига асосий эътибор қаратган ҳолда, туристларга сифатли тиббий хизмат, жумладан, шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни йўлга қўйиш каби бир қатор вазифалар ҳам кўрсатиб ўтилган.

Сайёҳлик соҳаси жаҳон миқёсида жадал ривожланмоқда. Кўплаб мамлакатларда ташкил этилган эркин туристик зоналар аввало, халқларнинг савдо-сотиқ маданияти, урф-одати, миллий маънавият ва меҳмондўстлик каби эзгу қадриятларини оммага кўрсатишга хизмат қилади.

Мухтасар айтганда, мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризмни жадал ривожлантириш, миллий туризм маҳсулотлари яратиш ва уларни жаҳон бозорида тарғибот қилиш муҳим вазифадир.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
7 149