Тошкент шаҳридаги деҳқон бозорларида савдо ярмаркаси ўз фаолиятини бошлади
Халқимизда “Ёз меваси – қиш хазинаси” ибораси бежизга қўлланмайди. Ёз ва куз фаслида пишиб етилган мева-боғдорчилик ва полиз ноз-неъматларининг қиш мавсумида ҳам расталарни тўлдириб турганини кўрар экансиз, кайфиятингиз кўтарилиб, кўксингизда шукроналик туйғуси тўлиб-тошади.
“Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмасидан маълум қилишларича, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20 октябрдаги “2017-2018 йиллар қиш-баҳор фаслида республика аҳолисини ва ижтимоий соҳа муассасаларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турлари билан кафолатли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижроси доирасида 475 минг 546 тонна захира яратилмоқда. Уюшма корхоналари барча тайёрлов, савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари, фермер хўжаликлари, агрофирмалар ва аҳоли билан шартномалар тузди.Уюшма тасарруфидаги корхоналарнинг маҳсулот харид қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида тижорат банкларидан қарийб 43,5 миллиард сўм кредит олинди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг махсус жамғармасидан 100 миллиард сўм жалб этилгани соҳада кўрсатилаётган хизмат самарадорлигини оширмоқда. Тизимдаги ҳудудий улгуржи базаларда бугунги кунда қарийб 200 минг тонна картошка, 130 минг тоннадан ортиқ пиёз, 84 минг тонна сабзи ва 60 минг тоннага яқин гуруч ғамланди.
– Мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш ҳамда қиш мавсумида ички истеъмол бозорини барқарор таъминлаш учун уюшмамизда барча чоралар кўрилди, – дейди “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси раиси Зафар Файзиев. – Жамғарилган маҳсулотларни узоқ муддат сифатли сақлаш учун корхоналарда мавжуд омборлар ва совутгичли сиғимларга жойланди. Маҳсулотлар сифати, совутгич ва омборлар ҳарорати тўла назорат қилиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, юртимиз аҳолисини озиқ-овқат товарлари ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий турлари билан йил бўйи узлуксиз таъминлаш, мева-сабзавот маҳсулотлари захирасини қиш-баҳор даври учун ғамлаш бўйича давлат буюртмасини бажариш, ички истеъмол бозорида мазкур маҳсулотлар нархлари кескин ўзгаришининг олдини олиш мақсадида “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси таркибидаги корхоналарда 5 минг 900 тонналик совутгичли сиғимлар фойдаланишга топширилди. Андижон вилоятидаги 800 тонна, Қашқадарё вилоятидаги 1000 тонна, Фарғона вилоятидаги 1800 тонна ҳажмдаги совутгичли сиғимлар шулар сирасидандир. Бу эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини янги ҳосил пишиб етилгунга қадар сифатли сақлаш даражасини янада оширади.
Келаси йил Пахтаобод, Янгиқўрғон, Фарғона, Қибрай ва Юқори Чирчиқ туманларида ҳар бири 10 минг тонна сиғимга эга қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган замонавий совутгичли сиғимлар фойдаланишга топширилади.
Уюшмада деҳқон бозорлари ва аҳоли гавжум жойларда, енгил конструкциялардан фойдаланган ҳолда «Хизмат-беминнат» чакана савдо павильонларини ташкил этиш ва улар орқали истеъмолчиларга «дала-дўкон» тизими бўйича маҳсулот етказиб бериш режалаштирилмоқда. Шунингдек, шахсий томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларига маҳсулотларни сотишда қулайлик яратиш учун маҳсулот харид қилиш пунктлари ташкил этилади.
Айни вақтда уюшмада Янги йил байрами савдо-ярмаркаларини ташкил этиш, ички бозорларни тўлдириш ва аҳолининг асосий озиқ-овқат товарларига бўлган эҳтиёжини тўлароқ қондириш чоралари кўрилмоқда. Шу мақсадда “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси таркибидаги корхоналар жорий йилда мамлакатимизга қўшимча равишда 30 минг тонна шакар, 27 минг тонна картошка, 10 минг тонна кунгабоқар ёғи, 1,6 минг тонна парранда гўшти келтириш юзасидан шартномалар имзолади. Ҳозир тузилган шартномаларга асосан келтирилган маҳсулотлар захирага қўйилмоқда.
Халқимизда “Ёз меваси – қиш хазинаси” ибораси бежизга қўлланмайди. Ёз ва куз фаслида пишиб етилган мева-боғдорчилик ва полиз ноз-неъматларининг қиш мавсумида ҳам расталарни тўлдириб турганини кўрар экансиз, кайфиятингиз кўтарилиб, кўксингизда шукроналик туйғуси тўлиб-тошади. Амалга оширилаётган кенг кўламли захира ғамлаш тадбирлари эса аҳолига кўрсатилаётган савдо хизмати сифатини янада яхшилашга хизмат қилади.