ЎзА Ўзбек

30.01.2018 20:02:18 Чоп этиш версияси

Тошкент шаҳридаги 500 дан ортиқ якка тадбиркорнинг 8,7 миллиард сўм солиқ қарзидан кечилади

Бунга жисмоний шахсларга ҳам банкротлик институтини қўллашга оид қоида йўл очмоқда. 

Иқтисодиётда шундай тушунча борки, уни қўллаш орқали фаолият юрита олмай корхонага қайта ҳаёт бахш этилади. Бу банкрортлик тамойили бўлиб, унинг мақсади – содда қилиб айтганда, ботқоққа ботиб қолган корхонани қутқаришдир. 

Бу тамойил шу пайтгача фақат юридик шахсларга нисбатан қўлланилиб келинган. Аммо жисмоний шахс ҳисобланган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Хўш, улар ўз фаолиятида муаммога дуч келмайдими ёки улар юқорида айтиб ўтилганидек, ботқоққа ботмайдими? 

Маълум бўлишича, биргина Тошкент шаҳрида бундай тадбиркорлар сони 500 дан ортиқ бўлиб, уларнинг зиммасидаги солиқ қарзи 8,7 миллиард сўмни ташкил қилади. 

– Таҳлиллар аслида айрим қарзлар баъзан сунъий равишда пайдо бўлиб, йиғилганини кўрсатди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси масъул ходими Комил Саидов. – Масалан, якка тадбиркор иш бошлайди. Орадан сал вақт ўтиб, иши юришмай қолади ва ўз-ўзидан фаолият юритмайди. Лекин тадбиркор бир нарсани, яъни фаолият юрита олмаётганидан солиқ идорасини хабардор қилишни ҳаёлидан фаромуш қилади. Ҳолбуки, тадбиркор давлат рўйхатидан ўтдими, шу кундан унга қатъий белгиланган солиқ ҳисобланади. Тадбиркор фаолият юритмаётгани ҳақида солиқ идорасига хабар берсагина солиқ ҳисоблаш тўхтатилиши мумкин. 

Яна шундай ҳолатлар учрайдики, айрим жисмоний шахслар тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган ҳолда тадбиркорлик қилади. Масалан, дейлик сиз вилоятдан Тошкент шаҳрига 1 тонна тарвуз олиб келиб сотдингиз. Бу ҳолат давлат солиқ хизмати ходимлари томонидан аниқланса, улар қилаётган даромадингизга қараб сизга йиллик солиқ қарзи белгилайди. Сиз бошқа маҳсулот олиб келиб сотмаслигингиз мумкин, бироқ гарданингизда солиқ қарзи тураверади. 

Кўриниб турибдики, айрим ҳолларда ҳисобланаётган солиқларнинг ҳаммасининг таг замирида даромад бўлмаслиги мумкин. Буни сунъий қарздорлик, дейилса янаям тўғрироқ бўлади. 

Шунинг учун бундай ҳолларга барҳам бериш мақсадида 2017 йил 30 декабрда «Солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларнинг солиқ қарзини банкротлик тамойили орқали ҳисобдан чиқаришга оид меъёр киритилди. 

Амалиётда биринчи марта қўлланилаётган бу институт якка тадбиркорлар учун катта қулайлик яратди. Зеро, бу тамойил орқали улар бўйнига қўйилган сунъий қарздан осон қутилиши мумкин. 

Бу тамойил бўлмаганида кўпчилик ана шундай солиқ қарзларини тўлашга мажбур бўлгани адолатдан бўлмаганини англатади.