Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

27.10.2016 14:24 Чоп этиш версияси

Тошкент шаҳар синов ва сертификатлаштириш марказининг кимё-биология лабораторияси халқаро аккредитациядан ўтказилди

Мамлакатимизда сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспортбоп маҳсулот турларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бунда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил 12 апрелдаги «Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев жорий йил 5 октябрда имзолаган «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон муҳим омил бўлаётир.

Мазкур ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзстандарт” агентлиги томонидан изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Жаҳон бозорида табиий, сифатли маҳсулотларга бўлган талаб ошиб бормоқда. Шу боис маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичларини изчил назорат қилиб бориш уларни экспорт қилишда муҳим ўрин тутади. Бу борада тадбиркорларга кенг қулайликлар яратилмоқда. Мамлакатимиз ҳудудида бажарилган синовлар халқаро миқёсда тан олинишини таъминлаш мақсадида “Ўзстандарт” агентлиги томонидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Яқинда Тошкент шаҳар синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонасининг кимё-биология лабораторияси халқаро аккредитациядан ўтказилди.

Мазкур корхона директори Жаҳонгир Пўлатовнинг айтишича, замонавий ўлчов воситалари билан тўлиқ таъминланган лабораторияда синовлар халқаро стандартлар асосида олиб борилмоқда. Лабораториянинг юқори малакали мутахассислари дунёнинг ривожланган мамлакатларида малака ошириб келган.

Синов ўтказишни янада ривожлантириш мақсадида “SGS Tashkent Ltd” хорижий корхонаси билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Мазкур корхона “SGS” хорижий компаниясининг Ўзбекистондаги расмий вакили ҳисобланади. “SGS” бош офиси Швейцарияда жойлашган бўлиб, у мувофиқликни тасдиқлаш борасида фаолият юритаётган йирик компаниялардан биридир. 140 мамлакатда компаниянинг 1,8 мингдан ортиқ тармоғи мавжуд бўлиб, дунё истеъмолчилари ишончини қозонган.

Кимё-биология лабораторияси томонидан амалга оширилган синовлар, синов баённомалари ҳамкорлик шартномасига асосан “Ўзстандарт” агентлиги ва SGS логотиплари билан чиқарилмоқда. Бу мамлакатимиз тадбиркорлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг халқаро бозордаги мавқеига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Соҳага доир янгиликлардан хабардор бўлиш ва маҳсулотини экспорт қилмоқчи бўлган корхона ва ташкилот ходимлари, тадбиркорлик субъектлари "Ўзстандарт" агентлигининг расмий веб-сайтиwww.standart.uz ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталига мурожаат қилиши мумкин. Агентликнинг жойлардаги марказларида ҳам тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатилиб, экспортга кўмаклашиш масалалари бўйича бепул маслаҳат берилади.

Гўзал Сатторова, ЎзА
791






Все о погоде - Pogoda.uz