Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.11.2017 15:03 Чоп этиш версияси

Тошкент куз-қиш мавсумига тайёрми?

Статистик маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида 9370 дан зиёд кўп қаватли уй, 2378 хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати, 39 олий ўқув юрти, 327 мактаб, 546 мактабгача таълим муассасаси, 80 оилавий поликлиника, 32 шифохона мавжуд. Хўш, улар куз-қиш мавсумига тайёрми?

– Президентимизнинг 2017 йил 22 июндаги "Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда, – дейди Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи Шавкат Азимжонов. – Бугунги кунгача 4 мингга яқин кўп қаватли уйнинг томи мукаммал ва жорий таъмирланди, 5 минг 200 дан зиёд ертўланинг муҳандислик тармоқлари тартибга келтирилди.

Ҳозир Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарорига асосан, 9 мингга яқин кўп қаватли уйлар, деярли барча таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, бошқа ижтимоий-иқтисодий соҳа объектлари иссиқлик таъминоти билан таъминланган. Бу жараён туну кун изчил давом эттирилмоқда. Пойтахтимизнинг барча туманларида 2017/2018 йиллар куз-қиш даври бўйича қабул қилинган дастурларни амалга ошириш чора-тадбирлари комплекси, тармоқ жадваллари ишлаб чиқилган. Уларга асосан белгиланган тартибда масъул ижрочилар мавсумга тайёргарлик ишларини назорат қилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг юқорида келтирилган қарори асосида Тошкент шаҳрида кўп хонадонли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, иссиқлик, электр, газ ва сув таъминотини, умумий фойдаланиш жойларини, лифт ускуналарини тартибга келтириш, ҳудудларда санитария ҳолатини яхшилаш, ободонлаштиришни ташкил этиш ишлари белгиланган режа асосида амалга оширилмоқда.

Фикримиз далили сифатида бизга тақдим этилган рақамларга мурожаат қиламиз. Бугунга қадар 1 минг 600 дан зиёд кўп қаватли уйнинг фасади, 7 минг 400 дан ортиқ кириш йўлаги таъмирдан чиқарилди, 445 янги болалар майдончаси қурилди. Шунингдек, кўп қаватли уйлар олди йўлакларини бетон қоришмаси билан таъмирлаш бўйича жами 500 минг квадрат метрга яқин ҳажмдаги иш якунига етказилди. Бунинг учун имтиёзли равишда 11,3 минг тонна цемент ажратилди.

Бу каби ишларни амалга оширишда Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини ҳам эътироф этиш зарур. Уларга тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилаётгани иш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Масалан, пойтахт аҳолиси маиший турмуш шароитини яхшилаш ҳамда тасдиқланган дастурлар ижросини таъминлаш юзасидан ХУЖМШ хизмат кўрсатаётган кўп қаватли уй-жойларга 318,5 миллиард сўм кредит маблағи ажратилган.

– Куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида фуқаролар мурожаатини ҳам эътиборсиз қолдирмаяпмиз. Бунинг учун "1055" рақамли марказий диспетчерлик хизмати орқали аҳолидан тушаётган ариза ва шикоятлар қабул қилиниб, уларни тезкор, сифатли ҳал этишга асосий эътибор қаратилмоқда, – дейди Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азиз Хўжанов. – Жумладан, ушбу мурожаатлар асосида барча коммунал ташкилотларнинг шаҳар ва туман бўлимларида, бошқарув сервис компанияларида авария хизматлари иши қайта кўриб чиқилмоқда. Улар фаолиятини мувофиқлаштириш, зарур техника воситалари билан таъминлаш режа асосида амалга оширилмоқда.

Тошкентда иссиқлик таъминоти сифатини яхшилаш мақсадида 23 иссиқлик қозони мукаммал, 633 таси жорий таъмирланди. Ичимлик суви ва оқова сув тармоқлари ҳолати яхшиланди, 16,9 километр газ узатиш тармоғи профилактик, 305,6 километр электр тармоғи мукаммал, 801 километри эса жорий таъмирдан чиқарилди.

Бу йил куз фасли эзгу ислоҳотларимизга ҳамоҳанг серфайз келди. Айниқса, деҳқонларимиз мўл ҳосил йиғиб олди. Эндиги вазифа қишга захира жамғариш, халқимиз дастурхонини қишда ҳам ёздагидек ноз-неъматлар билан таъминлаш. Шу мақсадда пойтахтимизда ҳам 2017/2018 йилги қиш-баҳор даври учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини ғамлаш чора-тадбирлари кўрилиб, асосий эътибор картошка, пиёз, сабзи, карам, гуруч ва дуккакли экинларни ғамлашга қаратилган.

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 7 ноябрдаги қарори асосида 10 ноябрдан эътиборан ижтимоий соҳа объектларида, 12 ноябрдан бошлаб кўп қаватли уйларда иссиқлик таъминоти ишга туширилди. Мутасадди ходимлар фикрича, пойтахтимиз куз-қиш мавсумига тайёр. Мавжуд камчиликлар эса бартараф этилмоқда.

Улуғбек Асроров, ЎзА
2 451






Все о погоде - Pogoda.uz