ЎзА Ўзбек

17.09.2019 Чоп этиш версияси

Тошкент – Анқара: ҳамкорликнинг янги босқичи

Тошкент – Анқара: ҳамкорликнинг янги босқичи


Туркиянинг Анқара шаҳри ҳокими Мансур Яваш бошчилигидаги делегация юртимизда бўлиб турибди. Ташриф доирасида Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев делегация аъзолари билан учрашди.

Мулоқот давомида икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари юқори босқичга кўтарилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркияга ташрифи давомида 30 дан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириш бўйича 3,5 миллиард долларлик битимлар имзоланди. Икки томонлама алоқалар изчил ривожланмоқда.

Савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқалари кенгайиб бораётган айни пайтда Ўзбекистонда 500 га яқин турк фирма ва компаниялари фаолият юритмоқда, ўзаро савдо айланмаси 2 миллиард долларга етган.

Икки давлат муносабатларида Тошкент ва Анқара шаҳарлари ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Айни ҳамкорликнинг янада тараққий этишидан ҳар икки томон манфаатдор.

16 сентябрь Тошкент ва Анқара шаҳарлари муносабатлари тарихида унутилмас кун бўлиб қолади. Шу куни икки шаҳар раҳбарлари қардошлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни янги поғонага олиб чиқишга хизмат қилувчи муҳим ҳужжат “Биродарлашув алоқаларини ўрнатганлик ҳақида”ги меморандумни имзолади.

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев азалдан дўст, ҳамфикр бўлган икки давлат, икки шаҳар ўртасидаги алоқалар истиқболида муҳим аҳамиятга эга бўлган мазкур ҳужжат иқтисодиёт, саноат, шаҳарсозлик, санъат, маданият ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Мансур Яваш Анқара шаҳрида Ўзбекистон номли 3 та, Тошкент деб юритилувчи 12 та, Самарқанд номли 8 та ва Бухоро деб аталувчи 11 та кўча борлигини айтиб, ўзаро дўстлик ва биродарлик тимсоли сифатида Тошкентдаги кўчалардан бирини Анқара деб номлаш таклифини билдирди.

Анқара шаҳри ҳокими Мансур Яваш бошчилигидаги делегация аъзолари ташриф давомида шаҳримизнинг диққатга сазовор жойларида бўлиб, пойтахтимиз тарихи, тараққиёти ва бугунги куни билан яқиндан танишди.

photo5190479569788971845.jpg

photo5190724189651315594.jpg

photo5190785367165480115.jpg

7 708
Ғ.ХОННАЗАРОВ, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ (сурат), ЎзА