Томорқасидан самарали фойдаланганлар тақдирланди
Ердан унумли фойдаланиш рўзғорнинг бутлиги, бозорларимизнинг тўкин-сочинлигига асос бўлади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ташаббуси билан жойларда ўтказилган “Энг намунали томорқа эгаси” кўрик танлови шу жиҳатдан муҳим аҳамият касб этди
Ердан унумли фойдаланиш рўзғорнинг бутлиги, бозорларимизнинг тўкин-сочинлигига асос бўлади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ташаббуси билан жойларда ўтказилган “Энг намунали томорқа эгаси” кўрик танлови шу жиҳатдан муҳим аҳамият касб этди.
Танлов Навоий вилоятининг Кармана, Қизилтепа, Нурота, Навбаҳор, Хатирчи ҳамда Конимех туманларида бўлиб ўтди. Томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, ички бозорни арзон, сифатли мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари билан тўлдириш, экспорт қилиш, энг юқори ҳосил ва даромад олаётган томорқа эгаларини аниқлаш ҳамда уларнинг илғор иш усулларини кенг оммалаштириш мақсадидаги кўрик ҳар бир ҳудудда кўтаринки руҳда ўтказилди. Натижаларга кўра, Кармана тумани Пахтаобод маҳалласидан Р. Саидова, Хатирчи тумани “Сарой” маҳалла фуқаролар йиғинидан Ш. Ҳакимов, Конимех тумани Дўстлик маҳалласидан Р. Жумаев, Навбаҳор тумани Чорвоқгузар маҳалласи вакили О. Аралова, Қизилтепа тумани Кулолон маҳалласида яшовчи Ф. Раҳимов, Нурота тумани Эшон Судур маҳалласида истиқомат қилаётган Д. Саидовалар хонадони томорқасининг ободлиги, мақсадли фойдаланганлиги ва иссиқхона ташкил этилганлиги жиҳатлари эътиборга олиниб, биринчи ўринга лойиқ топилди.
– 12 сотихдан иборат томорқамизда иккита иссиқхонамиз бор, – дейди Ф. Раҳимов. – Уларнинг бирида помидор, бодринг етиштиришни, иккинчисида лимончиликни йўлга қўйганмиз. Томорқа қанча обод бўлса, хонадонимиз ҳам шунча файзли бўлиб, барака кириб бораверади.
Шунингдек, кўрик-танловнинг туман босқичларида энг намунали сабзавотчи, боғбон, чорвадор, паррандачи, иссиқхоначи, асаларичи, кўчат етиштирувчилар ўртасида ҳам ғолиблар аниқланиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.