ЎзА Ўзбек

04.02.2016 15:01:16 Чоп этиш версияси

Толадан кўйлаккача – бир корхонада

Бозор гавжум. Савдо дўконининг тўрт томонига турфа кийим-кечаклар илинган. Харидор нафис тикилган кўйлаклардан бирини қўлига олиб, сотувчига юзланади:

– Мана бу кўйлак чиройли экан, чет элникими дейман. Нархи ҳам қиммат бўлса керак?

– Йўқ, қиммат эмас, – деди сотувчи йигит. – Самарқандда ишлаб чиқарилган, лекин хориж молидан яхши.

– Унда синтетик матодан эканда? Пахтадан тикилган кўйлак излаётгандим…

– Ака, шошилманг, мана шу кўйлакнинг очилганини кўринг. Ҳеч қандай синтетик мато йўқ, соф пахтадан. Самарқандда тикилаяпти-ку…

Бу бугун бозорларимиздан бирида бўлган ҳолат. Харидорга таклиф этилаётган “соф пахтадан тикилган, чет элнинг молидан қолишмайдиган кўйлак” яқинда Самарқанд шаҳрида фаолият бошлаган “Samarkand Euro Asia textile” корхонасида ишлаб чиқарилган.

Президентимиз раҳнамолигида яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити, давлатимиз томонидан берилаётган имконият ва имтиёзлар тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида янги йўналишларни ўзлаштиришига кенг йўл очмоқда. Бу импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, янги иш ўринлари яратиш ва шу орқали мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш имкониятини бермоқда.

Иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасида Самарқанд вилоятида 2015 йилда 471 янги саноат корхонаси ишга туширилиб, 12,5 минг янги иш ўрни яратилди. 54,6 миллион доллар жалб этилган ҳолда, 52 инвестицион лойиҳа амалга оширилди ва 5,7 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Илгари хусусийлаштирилган кам қувватли ва бўш турган 236 корхонани тиклаш мақсадида 303,8 миллиард сўмлик инвестиция киритилди.

Ўтган йил якунларига кўра, вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 1 миллиард 32 миллион долларни ташкил этди. Экспорт ҳажми 2014 йилга нисбатан икки баробар ортиб, 377,6 миллион долларга етди. Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг улуши 77,9 фоизни ташкил этмоқда.

– Умумий қиймати 23,7 миллион долларни ташкил этадиган мазкур лойиҳа пахта толасидан юқори сифатли эркаклар кўйлаклари ва 3D моделидаги чойшаблар ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклини ўз ичига олади, – дейди “Samarkand Euro Asia textile” масъулияти чекланган жамияти менежери Хуршид Исроилов. – Пахта толасидан ип калава олиш, мато тўқиш ва унга ишлов бериш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бир жойда амалга оширилади. Дунёда бундай корхоналар саноқли. Масалан, Хитойда ҳам атиги иккита корхонада шундай цикл бўйича эркаклар кўйлаги ишлаб чиқарилар экан. Уларнинг иш фаолияти билан танишиб, шунга амин бўлдимки, агар биз мавжуд имконият ва шароитлардан унумли фойдалансак, жуда юқори кўрсаткичга эришишимиз мумкин.

Ҳозир лойиҳанинг дастлабки босқичлари амалга оширилиб, цехларга хориждан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилди ва кунига 600-800 донагача кўйлак ишлаб чиқарилмоқда. 100 га яқин ёшлар доимий иш билан таъминланди. Уларга хориждан келган мутахассислар иш ўргатмоқда. Маҳсулот асосан ички бозорга чиқарилаётган бўлса-да, чет элдан дастлабки буюртма олдик. Шартномага кўра, ҳозирча ойига 10 минг дона кўйлак етказиб бериш кўзда тутилган.

Корхона тўла қувват билан ишлай бошлагач, бу ерда йилига 2 миллион донадан ортиқ кўйлак ва 200 мингга яқин чойшаб ишлаб чиқарилади. Бу йилига ўртача 25 миллион долларга тенг импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш, 10 миллион долларлик товарларни экспорт қилиш демакдир. Корхонада 600 дан зиёд янги иш ўрни яратилади.