ЎзА Ўзбек

19.10.2019 Чоп этиш версияси

ТИФ Миллий банки: молиявий кўмак ва амалдаги самара

ТИФ Миллий банки: молиявий кўмак ва амалдаги самара
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Андижон вилоятига пресс-тур ташкил этилди.

Пресс-тур қатнашчилари дастлаб Миллий банкнинг Андижон вилояти бўлимида бўлиб, банк ходимларининг самарали фаолият юритиши, мижозларга тез ва сифатли банк хизмати кўрсатиш бўйича яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

- Жамиятимиз бир неча йилдан буён банкнинг мижози ҳисобланади, - дейди Андижон шаҳридаги “Foreve CUELITI” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Феруза Мамадалиева. – Корхонамиз мебель ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ушбу банк фаолиятимизни доимий равишда қўллаб-қувватлайди, ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида бир неча бор кредит олганмиз. Кредит олишда муаммолар бўлмаган, умуман, биз банк хизматидан мамнунмиз.

photo_2019-10-19_16-12-26.jpg

Таъкидлаш керакки, Айни кунда 101 мингдан зиёд мижозга эга Миллий банк Андижон вилояти бўлими томонидан нафақат жисмоний шахслар ва аҳолига банк хизматлари кўрсатиш, балки кичик ва хусусий бизнес, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги корхоналар ташкил этиш, тадбиркорларнинг фаолиятини кенгайтириш ва айланма маблағларини кўпайтириш учун кредитлар ажратиш, янги иш ўринлари яратиш борасида ҳам салмоқли ишлар олиб борилмоқда.

- Филиалимиз томонидан тадбиркорлик, ишлаб чиқариш, чакана савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Андижон вилояти бўлими бошқарувчиси Ойбек Орифжонов. – Жорий йилнинг ўтган даврида банкимиз томонидан барча манбалар ҳисобидан турли йўналишлар учун 262 миллиард 930 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Шу жумладан, мижозларимизга Хитойнинг “Тараққиёт“ ҳамда Германиянинг “Ака” банклари кредит линиялари ҳисобидан 587200 АҚШ доллари, 4,9 миллион Евро миқдорида валюта кредитлари тақдим этилди.

photo_2019-10-19_16-12-27.jpg

Шундан сўнг пресс-тур қатнашчилари банк томонидан кредит тақдим этилган Хўжаобод туманидаги “Nil Granit”, Қўрғонтепа туманидаги “KHANTEX-GROUP” масъулияти чекланган жамиятларида бўлди.

Миллий банк Андижон вилояти бўлими Хўжаобод туманидаги “Nil Granit” корхонаси 2012 йилда ташкил этилган. Айни кунда 300 дан ортиқ турдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётган ушбу корхонада 1 минг 500 нафарга яқин ишчи-ходим меҳнат қилади.

Корхонада маҳсулот дизайнини тайёрлашдан тортиб, бўяш, бичиш, тикиш, дазмоллаш, қадоқлаш ишларида вақтни тежаш, сифат ва самарадорликни таъминлаш нуқтаи назаридан намунали тарзда йўлга қўйилган. Ишчи-хизматчиларнинг самарали иш олиб боришлари учун зарур барча шароитлар яратилган.

photo_2019-10-19_16-12-28.jpg

– Корхона ташкил этилган пайтдан буён ишлаб келаман, – дейди тикув цехи устаси Зулфияхон Баратова. – Корхонамиз ривожланган сари иш шароитларимиз яхшиланиб, ойлик иш ҳақларимиз ортиб бормоқда. Самарали ишлашимиз учун барча шароит яратилган. Ишчилар махсус кийим-бош билан таъминланган, тушликка бепул иссиқ овқат, ишга бориб-келиш учун транспорт ташкил этилган.

Корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 90 фоизи Россия, Украина, Беларусь, Молдавия, Руминия сингари ўндан ортиқ давлатларга экспорт қилинади. Ўтган 2018 йилда экспорт 5,2 миллион долларни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг ўтган 9 ойида бу кўрсаткич 6,8 миллион долларга етди.

Миллий банк Андижон вилояти бўлими умумий лойиҳа қиймати 10 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳани амалга ошириш учун корхонага 6,1 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратган. Кредит ҳисобига Туркия, Италия, Австрия ва Европанинг бошқа қатор давлатларидан замонавий, энг илғор матони бўяш, тўқиш ускуна ва линиялари олиб келиб ишга туширилди, қўшимча 300 та янги иш ўрни яратилди. Бу билан корхона йилига 4500 тонна матони бўяш, маҳсулот ишлаб чиқариш хажми ва сифатини оширди. Ишлаб чиқаришга янги технологияларнинг жорий этилиши корхонанинг йиллик экспорт ҳажмини 7 миллион долларга етказилиш имконини беради.

photo_2019-10-19_16-12-29.jpg

Куннинг иккинчи ярмида пресс-тур иштирокчилари Қўрғонтепа туманидаги “KHANTEX-GROUP” МЧЖ фаолияти билан танишди. Банк томонидан ушбу кластер корхона фаолиятини қўллаб-қувватлаш, учун 38,5 миллион Евро миқдорида кредит ажратилган.

Корхона фаолияти, лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида кенг маълумотлар берилди.

Лойиҳа 4 босқичда 2019-2020 йилларда амалга оширилиши, 1 минг 500 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

- Корхонамизда чигит экишдан тортиб, пахта етиштириш, уни қайта ишлаш ва маҳсулот ишлаб чиқариш тўла йўлга қўйилади, - дейди “KHANTEX-GROUP” МЧЖ пахта-тўқимачилик кластер корхонаси раҳбари Зокиржон Набижонов. – Жорий йилнинг ўзида тумандаги фермер хўжаликлари билан контрактация шартномалари туздик. Мутахассисларимиз томонидан тумандаги 8 минг 136 гектар пахта майдонида чигит экишдан тортиб, пахта ҳосили йиғиб-териб олингунга қадар бўлган даврда агротехник тадбирлар амалга ошириш бўйича белгиланган ишлар тизимли, сифатли ташкил этилди. Пахтани қайта ишлаш бўйича ҳам белгиланган ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирда ип-калава ишлаб чиқариш цехи ишга туширилди.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан корхоналарни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

8 317
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА