ЎзА Ўзбек

18.07.2017 16:19 Чоп этиш версияси

Тиббиёт маҳсулотлари ишлаб чиқариш кенгаймоқда

Президентимизнинг 2017 йил 3 майдаги “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, ички бозорни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган юқори сифатли препаратлар билан тўлдиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ушбу ҳужжатда эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш фармацевтика саноатини янада ривожлантиришда биринчи даражали вазифа сифатида белгилаб берилган. Давлат органлари ҳамда хўжалик бирлашмаларига ер участкалари чегараларини белгилаш ва уларни эркин иқтисодий зоналар таркибига киритиш, доривор ўсимликлар етиштириладиган плантациялар ташкил қилиш учун ер участкалари ажратиш, эркин иқтисодий зоналар ҳудудларида саноат плантациялари ташкил этиш, ўстириш учун тавсия этиладиган доривор ўсимликлар рўйхатини тузиш ҳамда кейинчалик ушбу доривор ўсимликларни чуқур қайта ишлаш, дори-дармон воситалари ва биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш бўйича мақсадли Дастур ишлаб чиқиш бўйича аниқ топшириқлар юклатилган.

Қорақалпоғистон Республикасида мазкур фармон ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, мавжуд ишлаб чиқариш имкониятлари ва ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Ички бозорни “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остидаги дори воситалари билан таъминлаш, Қорақалпоғистон иқлим шароитига мос шифобахш ўсимликлар етиштириш ва уларни қайта ишлашни йўлга қўйиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди, – дейди “Ўзфармсаноат” акциядорлик концерни Қорақалпоғистон Республикаси филиали раҳбари Худоёр Норбоев. – Фармон асосида ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан зарур инвестициялар киритишда бир қатор солиқ ва мажбурий ажратмалардан, шунингдек, хорижий технологиялар ва бутловчи буюмлар олиб келганда божхона тўловларидан озод этилиши соҳага тадбиркорларнинг қизиқишини янада оширмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида бу борада 28 лойиҳа амалга оширилади. Доривор ўсимликлар экиш, уларни қайта ишлаш, дори-дармон ва биологик қўшимчалар ҳамда тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришга йўналтирилган лойиҳалар асосида мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.

Фармонга мувофиқ ташкил этилаётган “Нукус-фарм” эркин иқтисодий зонасидаги ишлаб чиқариш корхоналари учун Нукус туманининг “Тақиркўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудидан 50 гектар, доривор ўсимликлар етиштириш бўйича плантация ташкил этувчиларга 1 минг 200 гектар ер ажратиб берилди.

Эркин иқтисодий зона иштирокчиси Мўйноқ туманидаги “Indabrus Nukus” масъулияти чекланган жамияти фармацевтика учун муҳим аҳамиятга эга бўлган қизилмия илдизи ва исириқ ўсимлигини қайта ишлаш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган. Бу икки лойиҳа учун “Асакабанк” томонидан 650 минг доллар миқдорида кредит маблағи ажратилди. Жорий йил охирига қадар амалга ошириладиган ушбу лойиҳалар самарасида 80 кишининг бандлиги таъминланади.

Чимбой туманидаги “Gulnaz-Aselya Farm” хусусий корхонасида тиббиёт бинти ва вата ишлаб чиқарилади. Беруний туманидаги “Навоий” хусусий корхонасида эса Оролбўйи ҳудудида ўсадиган доривор ўсимликлардан дори воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Нукус шаҳридаги “Nukus Med Tex” масъулияти чекланган жамияти томонидан йилига 250 миллион дона тиббий шприц ишлаб чиқарилади. Келгуси йили фойдаланишга топшириладиган бу корхонада 200 янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, юқори сифатли дори-дармон ишлаб чиқариш орқали ички бозорни кенг турдаги тиббиёт маҳсулотлари билан тўлдириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг амалдаги ифодасидир.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
7 677