ЎзА Ўзбек

20.08.2015 19:22 Чоп этиш версияси

Тежамкор ва экологик хавфсиз

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган “Ангрен” махсус индустриал зонасига сармоядорларнинг қизиқиши тобора ортиб бораётгани самарасида Оҳангарон воҳаси тараққиёт ва имкониятлар заминига айланмоқда.

Электротехника, кимё ва нефть-кимё, фармацевтика, замонавий қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби қатор тармоқ ва йўналишлар билан бирга кончилик саноатида ҳам фаол инвестиция муҳити яратилди. Мавжуд ресурслардан комплекс ва самарали фойдаланилди, ишлар пухта ишланган лойиҳа асосида амалга оширилиб, аҳолининг кундалик ҳаётига ярайдиган товарлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

“Ўзбеккўмир” очиқ акциядорлик жамиятидан қиёс. Маълумки, мазкур корхона таркибидаги конлардан жуда катта миқдорда кўмир қазиб олинади. Лекин бу жараёнда пайдо бўладиган кукундан шу пайтга қадар фойдаланилмаган.

Индустриал зона ҳудудида ташкил этилган “Jun long industrial” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси ана шу хомашёдан кўмир брикети ишлаб чиқаришни ўзлаштирди.

2013 йилда 3,2 миллион долларлик сармоя эвазига иш бошлаган мазкур корхонада 70 га яқин ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг 40 фоизи касб-ҳунар коллежини битирган ёш мутахассислардир.

– Шаҳримиздаги политехника касб-ҳунар коллежини битириб, шу ерда иш бошладим, – дейди Исмоил Имомназаров. – Ўзимга ҳар томонлама қулай иш топганимдан, қишнинг совуқ кунларида мамлакатимиз аҳолисини етарли даражада ёқилғи билан таъминлашга оз бўлса-да, ҳисса қўшаётганимдан хурсандман.

Кунига 150 тонна кукунни қайта ишлаб, 90 тоннагача кўмир брикети тайёрлаш қувватига эга мазкур корхонада ўтган йили 200 миллион сўмликдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилди.

– Кўмир брикети асосан цилиндр ҳамда чўзинчоқсимон шаклда тайёрланади, – дейди “Jun long industrial”нинг ишлаб чиқариш бўлим бошлиғи Саминжон Маҳкамов. – Бу маҳсулот анъанавий кўмирдан ёқиш ва иситишда анча қулайлиги, атроф-муҳитга таъсирининг камлиги, муайян ҳароратни ўзида узоқ вақт сақлаб туриши билан ажралиб туради.

Ўтган йили пойтахтимизда ўтказилган VIII Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида ушбу корхона вакиллари ҳам иштирок этиб, турли иқтисодий ва ижтимоий муассасалар билан ўттизга яқин шартнома имзолади. Шунинг ҳисобидан кўмир брикети ишлаб чиқариш ҳажми яна 30-40 фоизга ортади, янги иш ўринлари яратилади.

Бекзод Ҳидоятов, ЎзА
6 004