Тежамкор лампалар: қулай ва фойдали
Мамлакатимизда 2010 йил сентябрь ойида импорт ўрнини босадиган тежамкор ва ихчам люминесценция лампалари ишлаб чиқариш бошланган эди. Ўшанда “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси тизимида “Neo Sun Light” қўшма корхонаси очилган.
Бугунги замонавий шароит энергияни тежаш ва тежамкор технологияларни кенг жорий этишни тақозо қилмоқда. Чўғланма лампалардан энергия тежайдиган лампаларга босқичма-босқич ўтилаётгани ушбу жараённинг муҳим омилларидан биридир.Президентимиз раҳнамолигида яратилаётган шароит ва имкониятлар самарасида мамлакатимиз корхоналарида энергия тежовчи лампалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Мамлакатимизда 2010 йил сентябрь ойида импорт ўрнини босадиган тежамкор ва ихчам люминесценция лампалари ишлаб чиқариш бошланган эди. Ўшанда “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси тизимида “Neo Sun Light” қўшма корхонаси очилган. Корхона учун асбоб-ускуналар Хитойдан харид қилинган бўлса, ишлаб чиқариш жараёни “Philips” ва “Osram” компаниялари технологияси бўйича йўлга қўйилди.
“Neo Sun Light” Марказий Осиёдаги кенг турдаги люминесценция лампалари ишлаб чиқарадиган дастлабки корхоналардан биридир. Ишлаб чиқариш жараёни хомашёни қайта ишлашдан то маҳсулотни ўрашгача бўлган барча босқични қамраб олади. Бу сарф-харажатларни тежаш, маҳсулот таннархини камайтириш имконини бермоқда.
Тежамкор лампалар ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида 2011 йил 2 июнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Энергияни тежайдиган лампалар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва улардан фойдаланишга босқичма-босқич ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бунинг самарасида “Neo Sun Light” қўшма корхонаси негизида энергия тежайдиган лампа ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича лойиҳанинг иккинчи босқичи амалга оширилди. Айни пайтда лойиҳа қуввати йилига 15 миллион дона лампа бўлган корхонада саккиз турдаги лампа ишлаб чиқарилмоқда.
Ушбу қарорга асосан 2014 йил август ойида Тошкентдаги “Vesta Electric” хорижий корхонаси базасида ёруғлик диодли лампалар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича лойиҳа амалга оширилди. Ушбу лойиҳага киритилган инвестициялар ҳажми 600 минг АҚШ долларини ташкил этди. Бунинг самарасида корхона 20 турдаги энергия тежайдиган лампа ҳисобидан ишлаб чиқарилаётган электротехника товарлари турини кенгайтирди. Шунингдек, юздан зиёд киши иш билан таъминланди. 2014 йил август-декабрь ойларида корхонада 455,6 мингта ёруғлик диодли лампа ишлаб чиқарилди.
“Neo Sun Light” ва “Vesta Electric” корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ва ишончлилигига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш жоиз. Лампа ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи қисмлар жиддий техник назоратдан ўтказилади.
“Neo Sun Light” ва “Vesta Electric” корхоналарининг энергия тежайдиган лампалари жуда кам иссиқлик ажратиб, кўзни толиқтирмайди. Айни пайтда электр энергияси 80 фоизгача тежалади. Ушбу лампалар экологик тозалиги билан ажралиб туради. Бунга санитария, экологик ва бошқа меъёрларга жавоб берадиган илғор усул ва технологиялардан фойдаланиш ҳисобига эришилмоқда.
“Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси маълумотларига кўра, 2014 йил якунлари бўйича “Neo Sun Light” ва “Vesta Electric” корхоналари 4,7 миллион дона энергия тежайдиган лампа ишлаб чиқарди. Жорий йилда бу кўрсаткични 14 миллион донагача етказиш режалаштирилмоқда.
Ички бозорни халқаро стандартлар талабига жавоб берадиган замонавий энергия тежайдиган лампалар билан тўлдириш самарасида энергиядан фойдаланишни камайтириш ва ресурсни тежаш имконияти юзага келади. Мамлакатимизда замонавий энергия тежайдиган лампалардан фойдаланган ҳолда кўчани ёритиш тармоқларини модернизация қилиш лойиҳалари амалиётга жорий қилинмоқда.
Мамлакатимизда энергиядан фойдаланишни камайтириш, ёқилғи-энергетика ресурсларини иқтисод қилиш, энергия тежайдиган лампа ишлаб чиқаришни рағбатлантириш мақсадида, тежамкорлик кўрсаткичи инобатга олинган ҳолда, лампа учун давлат стандартларини ишлаб чиқиш, замонавий тажриба лабораториясини ташкил этиш, корхоналарни босқичма-босқич модернизация қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.