Термизда вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг конференцияси бўлиб ўтди
Вилоят туманларидан 285 вакил иштирок этган конференцияда Ўзбекистон фермерлари кенгаши Сурхондарё вилояти бўлими вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши сифатида қайта тузилди.
Илғор фермерлар, дехқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ҳамда уларга хизмат кўрсатувчи ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда мамлакатимиз аграр тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотлар ердан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари, экспортбоп озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, айниқса, фермерлик ҳаракатини етакчи кучга айлантиришда юксак самаралар бераётгани таъкидланди.Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 2017 йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида пахта ва бошоқли дон майдонларини қисқартириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ер эгаларининг даромадларини кўпайтириш, халқимизни арзон, табиий, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш кўламини янада кенгайтириш, эҳтиёждан ортиқ қисмини хорижга экспорт қилиш муҳим вазифа сифатида белгиланган. Шунга мувофиқ фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига янада қулай шароит яратилиб, экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, деҳқонларнинг экспортбоп маҳсулот етиштириш бўйича билимини мустаҳкамлаш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вилоят туманларидан 285 вакил иштирок этган конференцияда Ўзбекистон фермерлари кенгаши Сурхондарё вилояти бўлими вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши сифатида қайта тузилди.
Айни пайтда вилоятда 9 минг 346 фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Уларнинг 2 минг 100 таси кўп тармоқли фермер хўжаликларидир.
– Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига бир қатор ҳуқуқлар берилгани айни кўнглимиздаги иш бўлди, – дейди Ангор туманидаги “Саидносирхон” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони И.Баҳромов. – Кенгаш нафақат фермерлар, балки деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган ташкилотга айланди. Вилоят, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раислари тегишлилиги бўйича вилоят ва туман ҳокимларининг фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланиб, мақоми уларнинг ўринбосарларига тенглаштирилди. Бу халқимиз фаровонлигини, обод ва тўкин ҳаётимизни таъминлайдиган деҳқону боғбонларга билдирилган катта ишончдир.
Вилоятда 275 деҳқон хўжалиги 107,4 гектар майдонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирмоқда. 377 минг 950 томорқа хўжалигига 43,4 минг гектар унумдор ер майдони ажратилган. Деҳқон хўжаликлари ва мўъжазгина томорқада ердан фойдаланиш маданияти ривожланиб, полиз, мева-сабзавот маҳсулотлари ва бошқа зироатлар етиштириш кенг йўлга қўйилмоқда. Иссиқхоналар қишин-ёзин бозорлар тўкинлигини таъминлаб, оилаларга қўшимча даромад келтираётир.
– 15 сотих томорқамиз бор, – дейди Олтинсой туманидаги Халқабод маҳалласида яшовчи А.Насриддинов. – 4 сотих ерда иссиқхона ташкил этганмиз. Помидор, бодринг, булғор қалампири, кўкат парваришлаб, йилига уч марта ҳосил оламиз. 5 сотих ерда олма боғи, қарийб 2 сотих ерда токзор барпо этганмиз. Бу йил 10 миллион сўмга яқин даромад қилдик. Айни кунда иссиқхонада булғор қалампирини парваришламоқдамиз. Уни янги йил арафасида сотишни мўлжаллаб турибмиз. Ўтган йилларда томорқадан олаётган даромад эвазига уй қурдик. Ўзимизда ишлаб чиқарилган “Матиз” автомашинасини харид қилдик. Энди элга ош бериб, тўй қилмоқчимиз. Гапнинг рости, мамлакатимизда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг деҳқончилик маданияти ва билимини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш бўйича тажрибаларни оммалаштириш эътибордан бироз четда қолаётган эди. Янги ташкил этилган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ана шундай эзгу вазифаларни амалга оширади.
Анжуманда вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, кенгаш раёсати ва тафтиш комиссияси сайланди.
Конференцияда Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.