Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.09.2017 15:35 Чоп этиш версияси

Термизда “Бизнес-омбудсман – тадбиркорларнинг ишончли ҳимоячиси” мавзусида семинар бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимлиги вакиллари, ҳуқуқ-тартибот ва назорат қилувчи органлар ходимлари, тадбиркорлар, журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳиятини тарғиб қилишга бағишланган тадбирда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Юртимизда тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилмоқда. Шунга мувофиқ, қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган зиддият ва ноаниқликларни тадбиркорлар фойдасига ҳал этиш амалиёти қўлланилаётгани хусусий сектор ривожига хизмат қилаётир.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги қонуни тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасидаги самарали мулоқотнинг янги механизмларини жорий этиш, ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган давлат ҳимоясининг қўшимча кафолатларини яратди.

– Мазкур қонунда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва кафолатлари, асосий принциплари, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, тадбиркорлик субъектларининг шикоят ва мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби белгилаб берилган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси Т.Норбоев. – Давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик тартиби, ҳисобдорлиги ва дахлсизлик ҳуқуқлари ўз ифодасини топган. Янги қонун тадбиркорлик субъектлари фаолиятини рағбатлантириб, уларнинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари бузилиши ҳолатларига тўлиқ барҳам беради. Буларнинг барчаси миллий иқтисодиётимизни ривожлантириш, аҳоли бандлигини ҳал этишга кўмаклашади, турмуш даражасини юксалтириб, жамиятда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Айни пайтда вилоятда 11 мингдан ортиқ кичик бизнес субъекти рўйхатга олинган. Уларнинг 1 минг 400 га яқини жорий йилда фаолият бошлади. Ялпи ҳудудий маҳсулотда соҳанинг улуши қарийб 70 фоизни ташкил этмоқда. Иш билан банд аҳолининг 81,1 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида меҳнат қилаётир.

– Корхонамиз ўз фаолиятини автомобилларга техник хизмат кўрсатишдан бошлаган, – дейди Шеробод туманидаги “Зоҳид Абдулатиф” масъулияти чекланган жамияти раҳбари А.Мамадаминов. – Жорий йилда тижорат банкининг кредит маблағлари ёрдамида хориждан замонавий ускуналар келтириб ўрнатдик ва нон, нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Хусусий секторнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани бизни янада кўпроқ изланиш, фаолиятимиз турини кенгайтиришга ундамоқда. Иш бошлаган дастлабки йилда корхонамизда уч киши меҳнат қилган бўлса, ҳозир ўндан ортиқ ёш мутахассис бандлиги таъминланган. Янги ташкил этилган бизнес-омбудсман институтининг ҳуқуқ ва манфаатларимизни таъминлашга хизмат қилиши ҳам юртимизда тадбиркорларга кўрсатилаётган улкан ғамхўрлик ифодасидир.

Семинарда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди. Тадбиркорларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
2 210






Все о погоде - Pogoda.uz