Тегишли дастурга асосан 31 минг 791 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш режалаштирилган
Мамлакатимизда аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, қиш ва баҳор ойларида ҳам дастурхон тўкинлигини таъминлаш, бозорда нарх-наво барқарорлигига эришиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотларини захирага ғамлаш ишлари қизғин давом этмоқда.
Мамлакатимизда аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, қиш ва баҳор ойларида ҳам дастурхон тўкинлигини таъминлаш, бозорда нарх-наво барқарорлигига эришиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотларини захирага ғамлаш ишлари қизғин давом этмоқда.Аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларининг эҳтиёжлари учун қиш-баҳор фаслида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини ғамлаш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Тайёрлов ташкилотларининг ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар билан тузилган шартномалар ижросини таъминлаш, омборхона ва совутгичлардан унумли фойдаланиш, қиш-баҳор ойларида ички бозорга маҳсулотни мунтазам, бир маромда етказиб бериш ҳисобига нарх-наво барқарорлигини сақлаб туришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2017 йил 20 октябрдаги “2017-2018 йиллар қиш-баҳор фаслида Республика аҳолисини ва ижтимоий соҳа муассасаларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турлари билан кафолатли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, 2017-2018 йиллар қиш-баҳор фаслида ички истеъмол бозори учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини ғамлаш бўйича ишлаб чиқилган дастурга асосан 31 минг 791 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш режалаштирилган.
– Жумладан, маҳаллий ҳокимликлар ҳисобидан жами 20 минг 367 тонна – 4 минг 28 тонна картошка, 4 минг 294 тонна пиёз, 3 минг 220 тонна сабзи, 8 минг 825 тонна гуруч ғамлаш белгиланган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бўлим бошлиғи Муратбой Қурбониёзов. – Ижтимоий тармоқлар, хусусан, Халқ таълими вазирлиги тизимидаги муассасаларда 517 тонна, соғлиқни сақлаш ташкилотларида 257 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қиш-баҳор ойлари учун захирага жамғариш назарда тутилган.
Аҳоли дастурхонига тортиқ этиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 15 минг 270 тоннаси замонавий совутгичларда, 15 минг 525 тоннаси фермер хўжаликлари омборхоналарида сақланади.