ЎзА Ўзбек

01.09.2016 12:21 Чоп этиш версияси

Давлат солиқ хизматининг тўрт юздан зиёд ходимига эсдалик нишонлари топширилди

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрамига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, соҳа ходимлари иштирок этди.

Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев ва бошқалар мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида улкан ютуқларга эришилганини алоҳида таъкидлади. Жамиятни демократик янгилаш, ижтимоий, маънавий-маърифий юксалиш, юртимизнинг иқтисодий қудратини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар унинг халқаро майдондаги нуфузини йилдан-йилга оширмоқда.

Мамлакатимизнинг қудрати ва иқтисодий салоҳияти тобора ортиб, ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиш суръатлари охирги 11 йил давомида жаҳондаги саноқли давлатлар қаторида 8 фоиздан ошиқ бўлиб келаётир. Бу аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифати юксалишига ўз ижобий таъсирини кўрстмоқда.

Оқилона солиқ сиёсати натижасида солиқ юки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1995 йилдаги 41 фоиздан икки мартадан ортиқ камайиб, 2015 йилда 20 фоизни ташкил этди. Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 2005 йилда 15 фоизни ташкил этган бўлса, 2016 йилда 7,5 фоиз қилиб белгиланди ёки икки бараварга камайди.

Тантанали йиғилишда ўз бурчини сидқидилдан бажараётган ва соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган солиқ хизмати ходимлари меҳнати давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб келинаётганлиги айтиб ўтилди. Ана шундай ходимларнинг тўрт юздан ортиғига давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 июлдаги фармонига биноан таъсис этилган “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишонлари топширилди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
7 941