Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

26.09.2017 15:56 Чоп этиш версияси

Таълим муассасалари қиш мавсумига тайёрми?

Қишнинг аёзли кунларида фарзандларимизнинг сифатли билим олиши, соғ-саломат бўлиши таълим муассасаларининг иссиқлик билан қай даражада таъминланганига боғлиқ. Хўш, айни пайтда мамлакатимиз таълим масканлари қиш мавсумига тайёрми?

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан мамлакатимиз таълим муассасаларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда Президентимизнинг жорий йил 22 июндаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларни 2017-2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим омил бўлмоқда.

Қарорга асосан вазирликда махсус дастур ишлаб чиқилиб, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, Меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатларнинг куз-қиш мавсумига тайёрлиги ўрганилди.

Тайёргарлик ишлари вазирлик ва ҳудудий халқ таълими бошқармалари, ҳокимликлар, тегишли ташкилот ва корхоналар ҳамкорлигида амалга оширилаётир. Бу жараёнда таълим масканларининг муҳандислик-коммуникация тизимлари, иситиш тармоқларини таъмирлаш ва янгилаш, тоғли ҳудудлардаги муассасаларда кўмир жамғаришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Президентимиз қарори ижросини таъминлаш юзасидан Халқ таълими вазирлиги томонидан мамлакатимиздаги жорий ва мукаммал таъмирланадиган таълим муассасаларининг рўйхати шакллантирилди. Унга кўра, бугунги кунга қадар 47 умумтаълим мактаби, 198 мактабгача таълим муассасаси, 2 махсус мактаб-интернат ва Меҳрибонлик уйларида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 1 минг 548 мактаб, 833 мактабгача таълим муассасаси, 20 махсус мактаб-интернат жорий таъмирдан чиқарилди.

Муҳандислик-коммуникация тармоқларини капитал ва жорий таъмирлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, мавжуд қозонхоналар бир неча турдаги ёқилғига мослаштирилди ва мутахассислар томонидан кўрикдан ўтказилди.

– “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда олис ҳудудлардаги мактабларни кўмир, кўмир брикети билан таъминлаш бўйича муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Фарҳод Узоқов – Жумладан, мамлакатимиз бўйича халқ таълими муассасаларига жорий куз-қиш мавсуми учун 236,4 минг тонна кўмир жамғарилиши белгиланган.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида мамлакатимизнинг барча таълим муассасаларида олиб борилаётган бундай изчил чора-тадбирлар куз-қиш мавсумида коммунал тармоқларнинг барқарор ишлашини таъминлайди.

Даврон Суннатов, ЎзА
2 899






Все о погоде - Pogoda.uz