ЎзА Ўзбек

11.07.2020 Чоп этиш версияси

Тахтакўпирда 5 та чорвачилик мажмуаси қурилмоқда

Тахтакўпирда 5 та чорвачилик мажмуаси қурилмоқда

Қарор ва ижро

Президентимизнинг 2019 йил 7 ноябрдаги «Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Тахтакўпир туманида бешта чорвачилик мажмуаси барпо этилмоқда.

Тумандаги «Қора ўй» овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Сейт чорва» фермер хўжалигида қурилаётган ҳар бири 100 бош молга мўлжалланган иккита замонавий чорвачилик мажмуаси шулар жумласидандир. Бу учун «Халқ банки»нинг туман филиалидан 9,5 миллиард сўм кредит маблағи ажратилди. Аҳолини гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида барпо этилаётган мажмуага хориждан 200 бош наслли қорамол олиб келинади.

photo_2020-07-11_10-44-07.jpg

–Қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Сейтмурат Давлетов. – Туман ҳокими қарори билан фермер хўжалигимизга 210 гектар экин майдони ажратилиб, шундан 22 гектарига маккажўхори, 28 гектарига беда экилди. 14 дона қишлоқ хўжалиги техникаси ва агрегати харид қилинди.

Лойиҳа доирасида сутни қайта ишлаш цехи қуриш режалаштирилган. Бу учун Россиядан замонавий ускуналар олиб келинди. Шунингдек, етиштирилган гўшт шу ернинг ўзида қайта ишланиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади.

photo_2020-07-11_10-44-08.jpg

Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, 20 нафар киши доимий иш билан таъминланади.

–Қарор асосида жорий йилда «Данияр чорва», «Амиробод Мансурбек чорва», «Ҳурлимон чорва» ва «Дўсим чега» фермер хўжаликларида ҳам мана шундай чорвачилик мажмуаси барпо этилади, – дейди туман «Насл чорва» бўлим бошлиғи Бердияр Қалибоев. – Ушбу мажмуаларга Германия, Эстония, Австрия ва Беларус мамлакатларидан жами 596 бош наслли қорамол келтирилади.

Туманда амалга оширилаётган лойиҳалар чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш, аҳолини сут ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш, кўплаб янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.

photo_2020-07-11_10-44-09.jpg

4 371
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,Мақсад Ҳабибуллаев(сурат), ЎзА