Тахтакўпир туманида пахта экиладими?
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 15-16 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Қўнғирот ва Тахтакўпир туманларини асосан чорвачиликка ихтисослашган ҳудудга айлантириш бўйича топшириқ берган эди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 15-16 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Қўнғирот ва Тахтакўпир туманларини асосан чорвачиликка ихтисослашган ҳудудга айлантириш бўйича топшириқ берган эди.Хўш, энди бу туманларда пахта экиладими ё йўқ? Бу саволга Тахтакўпир тумани ҳокими Ж.Адилов бундай жавоб берди:
– Туманда умуман пахта экилмайди эмас, экилади. Лекин, пахта ер майдонларини йилма-йил камайтириб борамиз. Чорвачилик кутилган натижани бериб, йўлга тушиб кетгунга қадар, вақтинча пахта экиш бўйича таклиф билдирганмиз. Ўтган йил пахтадан яхши даромад олдик. Пахта йиғим-терим мавсумида кўпчилик иш билан таъминланди.
2018 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, туманда жами 32 минг 655 гектар экин майдони бўлиб, унинг 16 минг 752 гектарига жорий йил учун қишлоқ хўжалиги экинларини экиш режалаштирилган. Яъни, 80 гектар ерга аччиқ қалампир, 2 минг 600 гектар ерга қизилмия, 3 минг гектар ерга пахта, 4 минг 400 гектар майдонга кузги буғдой, 100 гектар ерга картошка, 250 гектар ерга полиз экинлари, 30 гектарга соя, 5 минг 775 гектарга шоли, 350 гектарга беда, 76 гектар ерга лавлаги ва 396 гектар майдонга бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари экилади.
Келажакда туманимизда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, пахтачилик, ғаллачилик, боғдорчилик, деҳқончилик ва кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, иссиқхоналар қуриш, асаларичиликни ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурилиш материаллари тайёрлаш каби янги лойиҳалар режалаштирилмоқда. Тумандаги энг аҳамиятли янгилик – “Агро комплекс Қорақалпоғистон” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Америка қўшма корхонаси қурилмоқда.