ЎзА Ўзбек

01.07.2020 Чоп этиш версияси

Тадбиркорнинг мурожаати ижобий ҳал этилди

Тадбиркорнинг мурожаати ижобий ҳал этилди

Бухоро вилояти Когон шаҳар Дўстлик кўчасида яшовчи фуқаро Ш.Ю. шаҳар адлия бўлими бошлиғининг сайёр қабули давомида қурилиши тугатилмаган бино-иншоотни гаровга қўйилиши учун давлат рўйхатидан ўтказишга амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Мурожаатни ўрганиш давомида хусусий тадбиркор Ш.Ю. томонидан савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биноси қурилгани, бинонинг айрим хоналари фойдаланиш учун қабул қилишга тайёр ҳолатда келтирилганлиги аниқланган. Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биносининг қурилишини якунлаш мақсадида банкдан кредит олиш учун қурилиши тугалланмаган мазкур бино-иншоотни давлат рўйхатидан ўтказиб бериш тўғрисида кадастр бўлимига мурожаат қилганлиги, бироқ кадастр бўлими томонидан қурилиши тугатилмаган бино иншоотни фойдаланишга қабул қилиш учун шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилиниши лозимлигини иддао қилиб хусусий тадбиркорнинг талабини рад этилганлиги, банк томонидан хусусий тадбиркор Ш.Ю.да қурилиши тугатилмаган бинони гаровга қуйиш учун шаҳар ҳокимининг қарори ҳамда «Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати» Когон филиалидан эса қурилиши тугатилмаган бино иншоотни фойдаланишга қабул қилиш ҳақида шаҳар ҳокимининг қарорлари ортиқча равишда талаб этилганлиги маълум бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-сонли «Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги» Низомининг 35-бандига асосан қурилиши тугалланган ва фойдаланишга белгиланган тартибда қабул қилинган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилади. Қурилиши тугалланмаган нотураржой бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар тегишли лойиҳа ташкилоти томонидан уларнинг қурилиши бошланганлиги тасдиқланган тақдирда давлат рўйхатидан ўтказилиши мумкин, – дейди, Когон шаҳар адлия бўлими бошлиғи Исматилло Исматов. – Қурилиши тугалланмаган нотураржой бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар, ер участкасига бўлган ҳуқуқ белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилганлиги, қурилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган лойиҳа асосида бошланганлиги шарти билан давлат рўйхатидан ўтказилиши кўрсатилган яъни қурилиши тугатилмаган бино иншоотлар лойиҳа смета ҳужжатлари асосида давлат рўйхатидан ўтказилиши кўрсатилган бўлсада, банк ва кадастр ташкилоти томонидан ортиқча равишда шаҳар ҳокимининг қурилиши тугатилмаган объектни фойдаланишга қабул қилиш тўғрисидаги қарорини талаб қилиш орқали маъмурий тартиб тамойиллар тўғрисидаги қонун талабини бузган. 

Адлия бўлимининг аралашувидан сўнг хусусий тадбиркор Ш.Ю.нинг тадбиркорлик фаолиятини юритиш билан боғлиқ ҳуқуқлари тикланди. Когон шаҳри, Бухоро шоҳ кўчаси ёқасида жойлашган қурилиши тугатилмаган нотурар бино иншоотининг давлат рўйхатига олиниши ва банкдан кредит олиш бўйича талаби таъминлаб берилди. Натижада самарасиз фойдаланилаётган қурилиш объекти ишга туширилди. Бугунги кунда мазкур объектда 7 нафар ёшлар иш билан таъминланди.

4 581
Зариф КОМИЛОВ, ЎзА