Тадбиркорлик – тараққиёнинг муҳим омили
Олмалиқ шаҳрида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг саноат корхоналари билан кооперацияси – ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим омили мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Олмалиқ шаҳрида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг саноат корхоналари билан кооперацияси – ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим омили мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармаси вакиллари, тадбиркорлар иштирок этди.
Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, йирик корхоналар ва кичик бизнес субъектлари ўртасида саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жалб этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли иишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Мамлакатимизда ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада ривожлантиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятидан кенг фойдаланиш муҳим вазифалардан саналади. Бу жараёнда, аввало, кичик бизнес субъектларининг йирик саноат корхоналари билан ички тармоқ ва тармоқлараро кооперацияси доирасида узоқ муддатли хўжалик алоқаларини шакллантириш ҳамда кенгайтириш учун зарур қонунчилик базаси яратилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 1 декабрдаги “Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Тошкент вилоятида ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги лойиҳаларни амалга ошириш, корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда ушбу секторнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 61,2 фоиздан ошди.
– Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи вакиллари томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида 23 назорат-таҳлил фаолияти ўтказилди, – дейди Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят кенгаши раиси ўринбосари Тўлқин Файзиев. – 30 га яқин мансабдор шахсларнинг ҳисоботи эшитилди, 100 га яқин депутатлик сўровлари юборилиб, халқ депутатлари Кенгашлари сессияларига 21 таклиф билан мурожаат қилинди. Мазкур мурожаатларнинг 9 таси Кенгашлар сессияларига киритилган.
Тадбирда маҳаллий хомашё ва ишлаб чиқариш ресурсларидан кенг фойдаланиш, шу асосда рақобатбардош маҳсулот тайёрлашни янада кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.