ЎзА Ўзбек

17.07.2020 Чоп этиш версияси

Тадбиркорлик: ҳақиқатга айланган орзулар

Тадбиркорлик: ҳақиқатга айланган орзулар

Самарқанд вилоятининг Ургут туманида тадбиркорликнинг у ёки бу йўналишида ўзига хос мактаб яратилган, десак муболаға бўлмайди.

Бундан 4-5 йил муқаддам туманда тадбиркорлик ривожланганига қарамасдан ҳунармандчиликни, ишлаб чиқаришни саноат даражасига олиб чиқиш ва шу аснода ривожлантириш жуда мушкул эди. Сабаби эса оддий – зарур инфратизимнинг йўқлиги. Борининг эса талаб даражасида ривожланмагани бошланган ишнинг белига тепар, натижада яхши ният билан бирор бир юмушга қўл урганлар уни ора йўлда ташлаб кетар эди. Чунки йўл яхши бўлса, табиий газ йўқ. Электр энергияси тармоғини белгиланган жойга олиб бориш учун йиллаб вақт кетар, у амалга ошганида эса, бу манбадан узлуксиз фойдаланишнинг кафолати йўқ эди.

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги фармонига асосан “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг ташкил этилиши бу борадаги муаммоларни бартраф этиш баробарида, тадбиркорларнинг умид чироғини ёрқинроқ ёнишига асос бўлди.

“Ургут” ЭИЗ ҳудудида тадбиркорлик қилиш истагида бўлган жисмоний ва юридик шахслар учун барча зарур шароитлар яратилди. Ортиқча югур-югурлар, сарсонгарчиликларга чек қўйилди. Бу мураккаб ва оғир масалани давлат ўз зиммасига олди. Тадбиркордан эса фақат аниқ ва пишиқ бизнес режа керак эди, холос. Улар тақдим этган лойиҳалар эса узоғи билан бир ой ичида кўриб чиқилиб, у ёки бу даражада хулоса маълум қилинадиган бўлди. Бундан олдин эса қўяверинг, ойлар ва йиллар аро сарсончилик, бюракратик тўсиқлар, коррупция ва ҳоказо...

Хуллас, янги эркин иқтисодий зонани ташкил этишда ҳудудда саноат ишлаб чиқаришини кескин ривожлантириш ва ушбу мақсадларга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни кўпроқ жалб этиш, энг илғор ва замонавий технологияларни олиб кириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, иқтсодий-ижтимоий тараққиётда ўсиш суръатларини кафолатлаш каби яхшилик ва фақат яхшиликка хизмат қилиши назарда тутилди.

“Ургут” ЭИЗ ташкил этилгандан буён ўтган давр мобайнида бу ерда кенг миқёсда бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

− Энг аввало, тадбиркор учун бош оғриқ ҳисобланган йўл, газ, электр энергияси, сув масаласи ижобий ечим топиши учун зарур сармоя − 368,2 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Шу пайтга қадар унинг 50 фоиздан ортиғи ўзлаштирилиб, эркин иқтисодий зона ҳудудида бунёд этилган ва қурилаётган корхоналар учун бу борада муаммонинг ўзи қолмади, ҳисоби. Қолгани эса босқичма-босқич, долзарблигига қараб 2021 йил охиригача бартараф этилади, − дейди биз билан суҳбатда “Ургут” ЭИЗ дирекцияси шўъба раҳбари Элдор Очилов.

Яратилган имкониятлар ва қулайликларга жавобан эркин иқтисодий зона ҳудудига ўз лойиҳаларини жойлаштирган тадбиркорлар эса қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Ўтган давр мобайнида уларнинг саъйи ҳаракатлари туфайли 49 та лойиҳа амалга оширилиб, 470 миллиард сўмдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилди. 10,2 миллиард сўмлик маҳсулотлар хорижга экспорт қилинди. Энг асосийси 3 минг 288 та янги иш ўрни яратилди. Бу Ургут туманида ҳозирги ишсизлик ҳолатининг 18 фоизи даражасидаги аҳоли бандлиги таъминланди, деганидир.

Жорий йилнинг дастлабки олти ойида эришилган натижалар ҳам салмоқли бўлди. 11 миллион 788 минг долларлик 8 та лойиҳа амалга оширилиб, 324 та янги иш ўрни яратилди. Янги иш бошлаган корхоналарда йилнинг ўтган даврида 70 миллиард сўмликка яқин маҳсулот ишлаб чиқарилди. Улар орасида тикувчилик маҳсулотлари – жинси, миллий кийимлар, оёқ кийимлари, шу жумладан спорт билан шуғулланувчилар учун пойафзаллар, нотўқима материаллар, ҳар хил турдаги полипропилен, ПВХ қувурлар, фитинглар, профиллар, замонавий маиший техника воситалари бор.

− “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг ташкил этилиши биз, учун ҳам катта имкониятлар эшигини очди, − дейди тадбиркор Элдор Содиқов. – Натижада 1 миллион 600 минг АҚШ долларилик лойиҳани амалга ошириб, замонавий маиший техника воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “ELITE-ELEKTRO-GROUP” корхонасини жорий йилнинг июль ойида фойдаланишга топширдик. Ургутнинг “Мерганча” массивида иш бошлаган корхонамизда ҳозирча 30 та иш ўрни яратилди ва замонавий кир ювиш машинасининг икки хилини ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик ва кунига бундай маҳсулотдан 100 донасини харидорларга етказиб бермоқдамиз. Йил охирига қадар ишчилар сонини 50 нафарга етказиб, халқимиз учун манзур бўладиган ва ўз корхонамиз тамғаси қўйилган энергия тежамкор музлатгичлар тайёрлашни ҳам бошлаб юборамиз.

“Ургут” ЭИЗда қилинган ишлардан кўра амалга оширилиши мўлжаллангани кўпроқ, десак муболаға бўлмайди. Жорий йил охирига қадар унинг ҳудудида яна 7 та янги корхона иш бошлайди. Бунинг натижасида 768 нафар замондошимиз янги иш ўрнига, рўзғорлари бешигини бемалол тебратиш имкониятига эга бўлади. Уларнинг моҳир қўллари билан полиэстер ипидан матолар, шунингдек, гилам ва гилам маҳсулотлари тўқиш, спорт оёқ кийимлари, алюмин радиаторлар, дори-дармонлар, тиббий буюмлар, болалар тагликлари, аёллар учун гигиеник воситалар, турли хилдаги электр жиҳозлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

5 400
Тожиддин ҚАМАРОВ, ЎзА