Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2017 19:56 Чоп этиш версияси

Тадбиркорларнинг яқин кўмакчиси

Мамлакатимизда жадал бораётган иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлиги бозор инфратузилмалари фаолиятини такомиллаштириш қаторида биржа тизимини мақсадли шакллантириш билан ҳам бевосита боғлиқдир. Шу мақсадда 1994 йили ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси ўз олдидаги вазифаларни қандай бажармоқда?

Миллий матбуот марказида Республика товар-хомашё биржаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида таъкидланишича, ўтган давр мобайнида биржа савдо технологиялари ва қоидалари ишлаб чиқилди, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси амалиётга жорий этилди, брокерлик идоралари ва савдо майдончалари тармоғи яратилди. Бу савдо жараёнлари очиқлигини таъминлаб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланишига яна бир туртки бўлди.

Бугунги кунда электрон савдоларда иштирок этиш кўрсаткичи биржа фаолиятини баҳолашнинг муҳим мезонларидан саналади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси МДҲ мамлакатлари орасида етакчилардан бўлиб келмоқда. Хусусан, 2004-2016 йиллар мобайнида биржада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштироки билан тузилган битимларнинг умумий қиймати ҳажми 303,6 миллиард сўмдан 8,3 триллион сўмгача ўсди. Жорий йилнинг биринчи ярмида ушбу кўрсаткич 4,7 триллион сўмга етди. Бунда тадбиркорлар биржа орқали 3,2 триллион сўмлик товарларни харид қилиб, 1,5 триллион сўмлик маҳсулот сотган. Бу бизнес вакилларининг биржа савдолари ва электрон тижоратда фаол иштирокчи эканидан далолат беради.

Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, биржа мижозларининг шахсий кабинети ташкил қилиниши Ҳисоб-китоб клиринг палатасидаги ҳисобварақ ҳолатини текшириб бориш, битимлар бўйича батафсил маълумот олиш, пул маблағларини бошқариш каби имкониятларни яратди. ЎзРТХБнинг барча савдо платформаларида аккредитациядан ўтиш имконини берувчи «бир ойна» интерактив хизмати орқали эса масофадан туриб амалиётларни бажариш мумкин. Мазкур хизматлар мижозларнинг вақтини ва маблағини тежашда қўл келмоқда.

Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасига ISO 9001:2015 халқаро мувофиқлик сертификати топширилди. Бу мамлакатимизда ўтказилаётган биржа савдолари, электрон тижоратни ташкиллаштириш ва ўтказиш халқаро сифат талаблари даражасида эканини тасдиқлайди.

ЎзРТХБга келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили тизимда мавжуд камчиликларни аниқлаш, биржа савдоларида янги усулларни жорий этиш, мижозларга, хусусан, тадбиркорларга янада кенгроқ имкониятлар яратишда эътиборга олинмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга ҳамоҳанг бир қатор устувор вазифаларни бажариш йўлида янги лойиҳаларни татбиқ этиш ҳаракатида экани қайд этилди.

Улуғбек Асроров, ЎзА
2 684






Все о погоде - Pogoda.uz