ЎзА Ўзбек

12.03.2019 10:39 Чоп этиш версияси

Тадбиркорларнинг энг яқин кўмакчиси

Тадбиркорларнинг энг яқин кўмакчиси

“Ипотекабанк” АТИБ Фарғона вилояти филиали томонидан жорий йилда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаб мақсадида 60 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётида рўй бераётган янгиланишлар, унинг реал сектори ва барча тармоқларида қўлга киритилаётган ютуқларда молия муассасаларининг ҳам салмоқли ҳиссаси бор. 

Банклар томонидан кўрсатилаётган замонавий ва сифатли хизматлар, мижозлар учун имтиёзли шартларда ажратилаётган маблағлар жойларда истиқболли лойиҳаларни тезкорлик билан амалга ошириш, пировардида минг-минглаб янги иш ўринлари яратиш имконини бераётгани бунинг тасдиғидир. “Ипотекабанк” АТИБ Фарғона вилояти филиалидан олинган маълумотларга кўра, ўтган йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси учун ажратилган 48 миллиард сўм маблағ уларнинг молиявий қаддини тиклаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга хизмат қилди. 

photo5204059796817422724.jpg

“Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури асосида филиал томонидан аҳоли тадбиркорлигини кредитлаш ҳисобидан хонадонларга турли хил йуналишларда аҳолини тадбиркорликка бўлган хоҳиш-истакларига асосан микрокредит маблағи ажратилмоқда. Ўтган йилда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган 241 фуқарога имтиёзли кредитлар берилди. 

Вилоятда маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи тадбиркорларга 13,3 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Жумладан, Олтиариқ туманидаги “Зулфия Олтиариқ Файз” фермер хўжалиги 4,1 миллиард сўм, “Нозимжон Обод Олтиариқ” фермер хўжалиги 1 миллиард 460 миллион сўм, Учкўприк туманидаги “Файзли Уммон” масъулияти чекланган жамияти 2 миллиард сўм кредит маблағлари эвазига ўз бизнес лойиҳасини амалга оширди.

photo5204059796817422725.jpg

“Ипотека-банк” АТИБ нинг принципидан бири қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳисобланади. Ушбу соҳани ривожлантириш мақсадида маҳаллий қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш истаги бўлган ишбилармонларга 9 миллиард сўмдан ортиқ миқдорида кредитлар ажратилди. Жумладан, Ўзбекистон туманидаги “Яйпан Агро Инвест” масъулияти чекланган жамияти 13 миллиард 770 миллион сўм, Фарғона шаҳридаги “Газ буюм сервис” масъулияти чекланган жамияти 2 миллиард 520 миллион сўм, Қува туманидаги “Perpetual Motion” масъулияти чекланган жамияти 12 миллиард 500 миллион сўм ноозиқ-овқат (қурилиш) маҳсулотлари ишлаб чиқариш сифатини мустаҳкамлашга эътибор қаратмоқда. Бу каби лойиҳаларнинг “Ипотекабанк” АТИБ томонидан қўллаб-қувватланаётгани соҳани изчил ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётир.

–Аҳоли дастурхонига арзон ва парҳез балиқ маҳсулотлари етказиб бериш ҳам муҳим вазифа сифатида белгиланган, – дейди “Ипотекабанк” АТИБ Фарғона вилояти филиали бошқарувчиси Шерзоджон Раҳимов. – Вилоятда балиқчиликнинг янги замонавий интенсив усулларидан фойдаланиш, жумладан, интенсив балиқ кўллари ташкил этиб, сув омборларида садок (қафас) усулида балиқ етиштириш каби илғор жаҳон тажрибаси амалиёти татбиқ этилди. Ушбу соҳани ривожлантириш учун банкимиз томонидан ўтган йил жами 18,3 миллиард сўм имтиёзли банк кредитлари ажратилди. Табиатнинг бу неъматидан унумли фойдаланаётган тадбиркорлар мазкур молия муассасаси ёрдамида балиқчиликни сердаромад тармоққа айлантираётгани аҳамиятлидир. 

photo5204230049321036553.jpg

Ёзёвон туманидаги “Prod Fish Trade” масъулияти чекланган жамияти икки йил аввал “Ипотекабанк” АТИБ Фарғона вилояти филиалидан 4 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағи олиб, Марказий Фарғона сув омборининг табиий ҳавзаларида қафас (садок) усулида балиқ етиштиришни йўлга қўйди. Чавоқларни белгиланган рацион асосида озиқлантириб, ўтган йили 120 тоннага яқин парҳезбоп, арзон балиқ овлади. Вилоятда балиқ етиштиришни босқичма-босқич кўпайтириб, аҳолининг ана шу турдаги маҳсулотларга эҳтиёжини тўлароқ қондиришга кўмаклашишни мақсад қилган тижорат банки балиқчилик кластерларини ҳам молиявий қўллаб-қувватламоқда. Олтиариқ туманидаги “Фарғона балиқ саноат агрофирмаси” масъулияти чекланган жамияти, Данғара туманидаги “Фарғона балиқ саноат” масъулияти чекланган жамиятининг йирик лойиҳалари бунга яққол мисолдир. Шу мақсадда “Фарғона балиқ саноат агрофирмаси” масъулияти чекланган жамиятининг 15 миллиард 500 миллион сўмлик, “Фарғона балиқ саноат” масъулияти чекланган жамиятининг 5 миллиард 500 миллион сўмлик лойиҳаларига имтиёзли кредит ажратиш режалаштирилган. 

Айни пайтда вилоятда “Ипотека-банк” АТИБнинг Фарғона ва Қўқон филиаллари, шунингдек 8 та минибанк тармоғи ва 32 та жамғарма, коммунал ва махсус кассалар тармоғи хизмат кўрсатмоқда. “Мижоз банк учун эмас – банк мижоз учун” шиори остида иш олиб бораётган мазкур филиал бугун тадбиркорларнинг энг яқин кўмакчисига айланган.

Масъуджон Сулаймонов, ЎзА
3 910