Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.07.2017 19:36 Чоп этиш версияси

Тадбиркорлар учун яна бир қулайлик

Президентимизнинг жорий йил 12 январдаги "Ургут", "Ғиждувон", "Қўқон" ва "Ҳазорасп" эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида"ги фармонига кўра ташкил этилган “Ургут” эркин иқтисодий зонасида “Самарқанд синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси Ургут илмий ишлаб чиқариш маркази фаолият бошлади.

Марказ эркин иқтисодий ҳудудда тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш, сифат менежменти тизимини жорий этиш, юридик ва жисмоний шахсларга метрология хизмати кўрсатиш каби вазифаларни бажариши кўзда тутилган.

– Ушбу фармонда эркин иқтисодий зоналарда ташқи бозорда талаб катта бўлган ва импорт ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий сармоядорларнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этиш, мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, тўқимачилик, гилам тўқиш, пойабзал ва чарм-галантерея, экологик жиҳатдан хавфсиз кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда янги замонавий ишлаб чиқаришлар ташкил этиш каби муҳим йўналишлар белгилаб берилган, – дейди “Самарқанд синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси Ургут илмий ишлаб чиқариш маркази раҳбари Ф.Фазлиев. – Албатта, бунинг учун корхоналарда сифатни бошқариш тизимини жорий этиш, маҳсулот ва хизматларни ички бозорга чиқариш ва хорижга экспорт қилиш учун уларни тегишли тартибда миллий ва халқаро стандартларга мувофиқ сертификатлаштириш талаб этилади. Шу боис ҳужжатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва маркировка қилиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқ илмий-ишлаб чиқариш марказлари ташкил этиш ва уларнинг қарорлари халқаро даражада эътироф этилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш белгиланган эди.

Ургут илмий ишлаб чиқариш маркази ушбу вазифалардан келиб чиқиб, биринчилар қаторида ташкил этилди. Тадбиркорларга тезкор ва замонавий хизмат кўрсатиш мақсадида марказга зарур штатлар бирлиги ажратилди, лаборатория ускуналари ва техник жиҳозлар берилди. Энди ишбилармонлар ишлаб чиқараётган маҳсулотларини стандартлаштириш, сертификат олиш учун вақт йўқотиб Самарқанд ёки Тошкентга мурожаат қилишига ҳожат йўқ. Бу борадаги барча хизматлар Ургутдаги марказ томонидан кўрсатилади. Қисқа вақт ичида тумандаги 20 га яқин корхона марказ хизматидан фойдаланди. Бир қатор саноат корхоналари мутахассислари сифат тизимини бошқариш бўйича ўқитилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
2 518






Все о погоде - Pogoda.uz